Барқарор ривожланиш истиқболлари халқаро даврада муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига қарашли Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Халқаро ижтимоий-иқтисодий жараёнларни моделлаштиришда катта маълумотлар ва сунъий интеллект – БДАИМ-2025» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Россия ва Хитойдан 60 дан ортиқ олим, эксперт ва амалиётчилар иштирокида иқтисодиёт, таълим, ҳуқуқ ва халқаро муносабатларнинг рақамли трансформациясининг истиқболлари, сунъий интеллект ва катта маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Экспертлар ва амалиётчиларнинг саъй-ҳаракатлари бирлашгани натижасида нафақат илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди, балки иқтисодиёт, технологиялар ва барқарор ривожланиш чорраҳасида ҳамкорликдаги тадқиқотлар йўналишлари, амалий ечимларни жорий этиш йўллари белгилаб олинди.

Сунъий интеллектнинг этик ва ҳуқуқий тартибга солиниши, глобал хатарларнинг прогнози, таълим тизимига интеллектуал тизимларни жорий этиш, шунингдек барқарор ривожланишнинг математик ва эконометрик таҳлили бўйича масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Фанлараро ёндашув туфайли конференсия иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорлик чорраҳасида юзага келган мураккаб масалаларни ҳал қилишда илмий ва амалий ёндашувларни бирлаштириш имконини берди.

Тадбир дастурига етакчи олимлар ва амалиётчилар иштирокидаги ялпи мажлис ҳамда тўртта параллел сексияни ўз ичига олган илмий сессиялар киритилди. Мазкур сексияларда 50 дан ортиқ илмий маърузалар тингланди.

Қайд этилганидек, конференция илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва сунъий интеллект ҳамда катта маълумотлардан масъулиятли ва инновацион фойдаланишга йўналтирилган глобал ҳамжамиятни шакллантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА