Барқарор газ таъминоти – асосий мақсад
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилоятида аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоят бўйича 1,4 км газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, Кармана, Хатирчи туманларида айни қиш-қировли кунларда газ босими пасайиши ёки узилиб қолиши билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.
[gallery-5667]
Бундан ташқари Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчи туманлари ҳамда Навоий шаҳридаги жами 6,9 км газ қувурлари реконструкция қилинди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 686 миллион 900 минг сўм маблағ сарфланиб, натижада жорий йилда вилоят бўйича жами 1800 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланди.
Ҳозирда табиий газдан фойдаланаётган аҳоли хонадонларига “ақлли” ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши орқали табиий газнинг иқтисод қилиниши ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинмоқда. Бугунги кунда вилоятда жами 102 670 та “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилиб, барчаси ҳақидаги маълумотлар махсус базага киритилди. Замонавий ҳисобдондан фойдаланаётган истеъмолчиларнинг сарфлаган табиий газ ҳисоби энди автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА