Барчаси ёш авлод камолоти учун
Бухоро вилояти Жондор тумани “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини Мохон қишлоғида спорт-соғломлаштириш маркази ҳамда 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 1,5 гектар майдонни эгаллаган иншоотларга “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳомийлик қилди.
– Барчамизга маълумки, Жондор тумани Эргаш Қиличов, Раҳим Воҳидов, Олтин Ёриев, Дилором Каримова, Фарҳод Соҳибов сингари олим ва олималари, Тўра Нарзиев сингари халқ қаҳрамонлари, Ришод Собиров, Чори Шарипов, Собир Қурбонов, Илғор Асадов сингари чемпионлари билан довруғ таратган, – деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. – Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу спорт ҳамда мактабгача таълим муассасалари ана шундай улуғлар сингари юртимиз келажагига муносиб ворисларни тарбиялашда пойдевор вазифасини ўтайди. Шу ўринда мазкур замонавий иншоотлар қурилишида беминнат хизматини аямаган “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тасарруфидаги Бухоро Нефтни қайта ишлаш заводи раҳбариятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Тантанали очилиш маросимида оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари, спортчилар мазкур икки иншоот навқирон авлод камолоти йўлида хизмат қилишига ишонч билдиришди.
[gallery-9015]
— “Саноатқурилишбанк” вилоят филиали томонидан лойиҳа қиймати 19 миллиард 300 миллион сўмга молиялаштирилган спорт соғломлаштириш маркази нафақат Мохон қишлоғи ёки Жондор тумани, балки вилоятнинг кўрки бўлиши шубҳасиз, – дейди мажмуа директори Шуҳрат Собиров. — Бир пайтнинг ўзида 260 нафар ёш спортсеварларни қабул қилиш имкониятига эга мажмуада футбол билан бирга волейбол, баскетбол, бокс, Шарқ яккакурашларидан каратэ, таэквондо, дзюдо, шунингдек, бадиий гимнастика, миллий кураш, стол тенниси, шахмат-шашка, тренажёр заллари, қолаверса, электрон ахборот кутубхона фаолиятини олиб боради. Умуман, мажмуада элликка яқин иш ўрин яратилгани ҳолда навқирон авлод истеъдоди ва жисмоний имкониятини юзага чиқаришдек шарафли ишга бел боғлаганмиз. Бизга шундай мажмуа ва унда сунъий қопламали стадионни қуриб берган ҳомийлардан миннатдормиз.
Спорт кошонаси ёнида қайта чирой очган 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ўтган аср етмишинчи йилларида қуриб ишга туширилган. Аммо кейинги пайтда кўримсиз ва таъмирталаб кўринишга келган муассаса эди. Бугун бир қаватли пастқам бино ўрнида уч қаватли замонавий дизайндаги болалар маскани барпо қилингани, 90 ўринли муассаса эндиликда 150 нафар болажонни ўз бағрига олаётгани қувонарли, албатта. Бугун фойдаланишга топширилган мазкур мактабгача таълим ташкилотининг лойиҳа қиймати 11 миллиард сўмга тенг бўлиб, унинг қурилишида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “NR Construction” ҳамда “Happy day Nukus” корхоналари бинокорларининг хизмати катта бўлди.
– Боғчамизда барча қулайликлар яратилган, – дейди туман Мактабгача таълим бўлими мудири О.Баракаев. – Зарур кўргазмали воситалар, ўқув қуроллари билан жиҳозланган машғулот хоналари, эртак қаҳрамонлари билан безатилган ўйин ҳамда спорт майдончалари, шинам ётоқхона ва ундаги мебеллар, болажонлар ихтиёридаги кенг ва ёруғ ошхона, рисоладагидек санитария тармоғи, ҳатто қишда бинони иситиш тизимининг тўлалигича янгилангани учун ташкилотчи ва ҳомийлардан миннатдормиз. Асосийси, бу ерда маҳаллий аҳоли вакилларидан сараланган 32 нафар тарбиячи ва ишчи ходим жажжи ўғил-қизларимиз хизматида бўлишади.
Зариф Комилов, ЎзА