Барчаси аҳоли саломатлиги йўлида
Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз умумхалқ байрами арафасида Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани марказий поликлиникаси болалар бўлими биноси реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев, туман сектор раҳбарлари ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлаётганини таъкидлади. Янгидан барпо этилаётган ва мукаммал қайта таъмирланаётган тиббиёт муассасаларининг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани аҳолига тезкор, сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йилда вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилган реконструкция жараёнида 3,61 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бинонинг эшик-ромлари тўлиқ янгиланди, том, пол қисми тўлиқ алмаштирилди, ташқи фасад ва хоналар таъмирланди, иситиш, сув канализация, вентиляция, электр тизимлари янгиланди ҳамда ҳовлисида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.


2022 йилдаги "Ташаббусли бюджет" лойиҳасининг 1-мавсумига кўп тармоқли тиббиёт поликлиникаси болалар бўлимини мебель жиҳозлари билан таъминлаш учун қўйилган лойиҳа ғолиб бўлиб, 480 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминланди.

1975 йилда қурилган кўп тармоқли марказий поликлиника болалар бўлими 590 та қатновга мўлжалланган бўлиб, бино шу давргача мукаммал таъмирланмаган эди.
М.Сулаймонов, ЎзА