Барча участкалар сайловга тайёр
Наманган вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш билан боғлиқ сўнгги тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов оммавий ахборот воситалари вакилларига сўнги тайёргарлик ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, Наманган вилоятидаги мавжуд 837 та сайлов участкасида сайловга жиддий тараддуд кўрилди. Сайлов кампаниясида қатнашишга рухсат берилган бешта сиёсий партия томонидан вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган жами 2000 нафар номзод рўйхатга олинди. Шундан 275 нафари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод этиб кўрсатилган.
Барча сайлов участкаларида фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишларини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди. Вилоятда сайлов жараёнларини қонуний асосларда ёритиш мақсадида 35 нафар ОАВ ходими аккредитациядан ўтказилди.
Сайлов участкаларида жараёнларни онлайн кузатиб туриш имкони яратилди. Сайлов куни реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида ҳудудлардаги тегишли техник талабларга мувофиқ бўлган сайлов участкаларида видео-камералар ўрнатилди.
Жорий йилнинг 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида сайлов участкаларидан 60 минг 96 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
Вилоят бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 33,8 минг нафари сайловда илк маротаба қатнашадиган йигит-қизларни ташкил этади. Шундан 18,9 минг нафари эса 18 ёшгача сайловчилар улушига тўғри келади.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбирда жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ҳуқуқларини тўлақонли амалга оширишга кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Наманган вилояти бўйича сайловчиларнинг 2 минг 898 нафари ўзгалар парваришига муҳтож шахсдир. Уларнинг ҳам ўзлари танлаган партия ва номзодларга овоз беришини таъминлаш учун барча чоралар кўрилган.
Жумладан, ўзгалар парваришига муҳтож сайловчиларнинг 1 минг 788 нафари ёлғиз яшовчи кексалар бўлса, 545 нафари эса ёлғиз яшовчи ва ногиронлиги бўлган кишидан иборат. Шундан келиб чиқиб, сайлов участкаларига мустақил боролмайдиган 2 минг 673 нафар сайловчига овоз бериш жараёнида кўмаклашиш учун ассистент бириктирилган.
Вилоятда сайлов кампаниясига ҳамда сайловчиларни сайловга жалб қилишга доир телеканалларда 253 та, радиоканалларда 205 та, босма нашрларда 166 та, веб-сайтларда 271 та, телеграм каналларда 220 та ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларда 1582 та маълумот ёритилгани айтиб ўтилди.
Сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялардан 4185 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 837 нафар кузатувчи рўйхатга олинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.