Барча мурожаатларга давлат тилида жавоб берилади
Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 2021 йил 9 июль куни давлат тилига оид қонун ҳужжатларига амал қилиш ҳолатига бағишланган видеоконференция шаклида учрашув-семинар ўтказилди.
Тадбирда Вазирлик марказий аппарати бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, тизимдаги акциядорлик жамиятлари, компаниялари, корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этди.
Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Aбдуллаев Вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотларида давлат тилида иш юритиш ҳолати, амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Учрашув-семинарда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири ўринбосари Ш.Мусаев томонидан 2021 йил 1 августга қадар барча жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, шунингдек, иш қоғозлари ва турли бланкларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш бўйича тушунтиришлар берилди.

Жумладан, иш қоғозлари деганда ташкилот фаолиятига оид чиқувчи хатлар, буйруқ, фармойиш, устхатлар ва бошқа бланклар тушунилишига аниқлик киритилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритувчи давлат ташкилотлари ва корхоналари томонидан юборилган хат қайси тилда бўлишидан қатъи назар, жавоб хати давлат тилида берилиши шартлиги, бундан, чет давлатлар элчихоналари, хорижий ташкилотлар ваколатхоналари мустасно эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 февралдаги “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори ва унда белгиланган вазифалар, юзага келаётган муаммолар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди.
Бундан ташқари, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Транспорт вазирлиги тизими, транспорт соҳаси ташкилотлари ҳамда Сирдарё вилоятида амалга оширилиши ҳолати қуйидаги йўналишларда ўрганилгани, мазкур қонун ижроси жараёнида йўл қўйилган хато ва камчилик ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилингани ҳақида тўхталиб ўтилди.
Учрашув-семинар иштирокчилари давлат тилида иш юритиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтиш, масъул лавозимларга ходим қабул қилишда унинг давлат тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатга эга бўлиши каби турли йўналишларда ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги