Барча ислоҳотлар ёшлар келажаги учун
Президентимизнинг Фарғона водийси, жумладан, Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи халқимиз ҳаётида том маънода янги саҳифалар очди, десак муболаға бўлмайди.
Тадбиркорлар ва вилоят фаоллари билан учрашувдан сўнг Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонасига борган давлатимиз раҳбарига даставвал, фахрли аъзолик “ID” картаси ҳамда вилоят китобхонлари номидан Ли Куан Юнинг Сингапур тарихига бағишланган “Учинчи дунёдан биринчи дунёга” китоби тақдим этилди.
Аҳоли, айниқса, ёш авлодни кутубхоналарга янада кўпроқ жалб этиш, китобхонликни ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш кераклиги хусусида таклифлар сўраган Президентимизга нафақат марказларда, балки чекка-чекка ҳудудларда, мактаблар қошида “Ёшлар зиё маскани”дек китобхонларни бир жойга илм йўлида тўплайдиган мажмуаларни барпо этилиши кўпчиликнинг орзуси эканини, биз фаолиятимизни бошлаган илк кунлардан бошлаб бу борада кенг жамоатчиликдан кўплаб таклифлар, фикрлар бўлганини айтдик.
Яхши ниятда, илм учун билдирилган таклифлар мазкур ташриф орқали амалга ошиши янада жадал тус оладиган бўлди. Қувонишга арзийдиган жиҳат эса Юртбошимиз бундай зиё масканларини таълимнинг барча босқичлари билан боғлаш лозимлигини, хусусан, мактабдан тортиб, коллеж, олий таълим муассасаларида ҳам бир-бирини узвий боғлайдиган муассаса атрофида йигит ва қизларни санъат, маданият, илм-фан билан қамраб оладиган мажмуавий характерга эга бўлган масканларни яратиш топшириғини берди.

Ташриф давомида “Ёшлар зиё маскани” да чет тилларини бепул ўрганиш имконини берувчи “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг тақдимоти ва Наманган вилояти ёшлари билан кўтаринки кайфиятда бўлган учрашувда жамиятда фаол, бугунги ислоҳотларга ўзини дахлдор биладиган ёшларнинг ташаббуслари ҳамиша рағбатлантирилиши, юртимиздаги барча ёшлар ҳақида бирдек қайғуриб, улар учун янада кенг имкониятлар яратиш, бераётган таклифларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар бераётган давлат раҳбарининг эртамиз эгаларининг фикрларини тинглаб, “Ўзбекистондаги ҳар бир ёш, яхшиси ҳам, ёмони ҳам, билими бор, йўғи ҳам менинг фарзандларим, улар учун ҳамма шароитни қилиб беришимиз керак, токи ёшлар ўз қизиқишларини атрофдан изламасин, иқтидори ва салоҳиятини мана шундай масканларда камол топтирсин”, дея таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ ташаббуслар, берилган кўрсатмалар “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурида белгиланган ғояларга ҳам ҳамоҳанглиги диққатга сазовор. Партиямиз фаоллари ҳам ўз ғояларидан келиб чиққан ҳолда, ташриф давомида қайд этилган муҳим вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратади ҳамда бу асосда алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда жойларда тарғибот ишларини олиб боради.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю, ягона тўғри йўли – таълим сифатини оширишда ҳар бир ҳудудда, марказлардан тортиб, чекка қишлоқлар, мактаблар қошида замонавий ёшлар зиё масканларини ташкил этишга қаратилаётган эътибор эртага албатта, ўз мевасини беради.
Дилноза Азизова,
Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани”
ахборот-кутубхонаси раҳбари, “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти Кенгаши раиси
ЎзА