Барча эзгу амаллар инсон қадри учун
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ҳар бир байрам арафасида муҳтожлар ҳолидаy хабар олиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш анъанага айланган. Ушбу эзгу анъана мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида ҳам давом эттирилмоқда.
Жумладан, 28 та боқувчисини йўқотган оилаларга, 147 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерларга озиқ-овқат жамланмалари байрам совғаси сифатида тарқатилди. ОКМК бошқаруви раиси А.Хурсановнинг буйруғи асосида 17 нафар меҳнат фронти фахрийларига, 9 нафар Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашганларга, 225 нафар афғон уруши иштирокчиларига 500 минг сўмдан бир маротабалик моддий ёрдам ажратилди.


Бундан ташқари, комбинат таркибий бўлинмаларига бириктирилган махсус ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ҳам ҳомийлик кўрсатилиб, байрам дастурхонлари ёзилиши белгиланган. Шунингдек, ОКМК раҳбарияти шаҳримизнинг “Чамбил” маҳалласида истиқомат қилувчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ашир ота Усаровга байрам арафасида хонадонида бўлиб, отахонни мустақиллик байрами билан муборакбод этди. Отахон суронли уруш йилларидаги хотираларини ёдга олар экан, қўлини дуога очиб, Яратгандан юртимиз тинчлигини, халқимиз фаровонлигини сўраб, кундан-кун ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг мустақиллиги абадий бўлишини тилади. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга ўз ташаккурини билдирди.

ОКМК раҳбарияти томонидан Ашир отага қимматбаҳо совға ва озиқ-овқат жамланмаси туҳфа этилди.
ОКМК Ахборот хизмати