Банкларга ишончли тадбиркорлар учун имтиёзли ва қулай молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш топширилди
Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистондаги 2 минг тадбиркор уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитнинг вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. «Мижозни ўстириш» модели асосида яна камида 30-40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти бор.
Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.
Қолган 8 та банкка ҳам бир ойда шундай қулай маҳсулотларни ишлаб чиқиш топширилди.
ЎзА