Банклар фаолиятида коррупцион ҳолатлар мавжуд
2021 йилда тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 166,7 триллион сўм ёки 2020 йилга нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар йўналтирилган. Кичик тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун 436 мингдан ортиқ лойиҳага жами 59,6 триллион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Бу ҳақда Сенат ялпи мажлисида тақдим этилган Марказий банкнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда айтиб ўтилди.

Мажлисда Марказий банк фаолияти сарҳисоб қилинар экан, тизимдаги айрим камчилик ва муаммолар ҳам айтиб ўтилди. Тижорат банклари фаолиятида коррупцион ҳолатлар мавжудлиги қайд этилди. Марказий банкнинг Хоразм вилояти мисолида фаолият самарали йўлга қўйилмагани, қатор хато ва камчиликлар борлиги ҳамда регулятор сифатида Марказий банк буни назорат қилиши кераклиги таъкидланди.
— Марказий банк фаолиятида ўзгариш, ўсиш борлиги бошқа қўшни давлатлар билан таққосланганда пандемиядан кейинги давр сарҳисоби мисолида ўз исботини топмоқда, — деди Сенат Раиси. — Аммо шу билан бирга муаммолар ҳам мавжуд.

Битта банкда камчиликка йўл қўйган, ҳатто жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри. Тижорат банкларига янги, ёш раҳбар кадрлар тайинлаш, уларни замон талабларига мос равишда ишни ташкиллаштира оладиган қилиб ўқитиш керак.
Мажлисда нархлар барқарорлигини таъминлашда пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиш ва такомиллаштириш ҳамда банк тизими барқарорлигини ва тўловлар узлуксизлигини таъминлаш борасида қатор таклифлар билдирилди. Шунингдек, сенаторлар томонидан тижорат банклари фаолиятини тартибга солишда халқаро тан олинган стандартларни жорий қилиш, банкларда кредит таваккалчилиги ҳисоб-китобини янада мақбуллаштириш орқали банк тизимининг молиявий барқарорлигини ошириш юзасидан тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА