Банк кредитлари иқтисодий тараққиёт, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади
Самарқанд вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳамда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган қатор инвестицион лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашда “Ўзмиллийбанк” фаол иштирок этмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд вилоят Бош бошқармаси томонидан бугунги кунда 530 мингдан ортиқ аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга сифатли ва тезкор банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, ҳозирда банкнинг юридик мижозлари сони 12 мингдан ошди. Уларга вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги 5 та банк хизматлари кўрсатиш марказлари ва 9 та банк хизматлари офислари томонидан юқори сифатли, тезкор банк хизматлари кўрсатилмоқда.
Ҳар бир тадбиркор учун индивидуал ёндашув
– Бизнинг банкимиз вилоятимиздаги энг катта кредит портфелига эга бўлган банк ҳисобланади – дейди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Самарқанд амалиёт банк хизматлари кўрсатиш марказлари юридик шахсларни кредитлаш бўлими бош мутахассиси Шаҳзодбек Авазов. – Банк томонидан охирги 6 ой давомида 5390 нафардан ортиқ мижознинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб 380,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, 2026 йил июнь ҳолатига кредит портфелидаги кредитлар салмоғи 4 триллион сўмни ташкил этмоқда. Хусусан, 1112 та тадбиркорлик субъектига 2,4 триллион сўм, 38 мингдан ортиқ фуқароларга эса 1,6 триллион сўм кредитлар ажратилди. Биринчи чоракда кўплаб йирик лойиҳаларни молиялаштиришга эришдик. Масалан, 2025 йилнинг тўртинчи чорагида жалб этилган мижозларимиздан бири “Amirkhan Asmako” масъулияти чекланган жамиятига 600 минг АҚШ доллари эквивалентда кредит ажратилди. Эътиборлиси, бу кредит туфайли йилнинг иккинчи чорагида мазкур лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш жараёни бошланди ва ташкилот фаолияти самарадорлигини 20 фоизга оширди. Банкимизнинг кўп йиллик мижози бўлган “ZARAFSHON TEKSTIL” масъулияти чекланган жамиятига эса умумий қиймати 22 миллион АҚШ доллари бўлган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 10 миллион доллар кредит ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан корхона томонидан Самарқанд тумани Оҳалик маҳалласида 2000 та иш ўрнига эга замонавий тикувчилик фабрикаси ташкил этилмоқда.
Фабрика тўлиқ қувватда ишга тушгач йилига 15 миллион дона, 125 миллиард сўмлик тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва асосан экспортга йўналтирилади. Мазкур лойиҳа ҳудуд экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий саноатни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Банк масъулининг қайд этишича, “Ўзмиллийбанк” томонидан йил якунига қадар юридик шахсларнинг 30 миллион долларлик лойиҳаларини молиялаштириш режалаштирилган. Бунинг учун керак бўлса, ҳар бир мижоз учун индивидуал кредит фоизлари жорий этилмоқда. Умуман, йилнинг биринчи чорагида банк томонидан ажратилаётган кредитлар 3 фоизгача пасайтирилди.
115 маҳаллага “Ўзмиллийбанк” масъул
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, шунингдек, тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 9 туман ва шаҳарнинг 115 маҳалласи “Ўзмиллийбанк”ка бириктирилган.
Ушбу маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш, мавжуд тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш банкнинг устувор вазифалари ҳисобланади. Бу вазифаларни бажариш учун 115 та маҳалланинг ҳар бирида банк агентлари ва 26 маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг саъй-ҳаракати ва банк томонидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида йилнинг дастлабки беш ойида 7803 нафар аҳоли даромадли меҳнат билан банд қилинди. Хусусан, 2668 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 5135 киши тадбиркорликка жалб қилинди.
“Келажакка қадам”дан “Келажак тадбиркори”га
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Келажакка қадам” ва “Келажак тадбиркори” дастурлари “Ўзмиллийбанк” ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган, ёшларнинг бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим лойиҳалар ҳисобланади.
– Президентимизнинг 2025 йилда ёшлар билан учрашувда илгари сурган ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган “Келажакка қадам” дастури талабалар ва битирувчиларнинг ишга жойлашишига кўмаклашиш, стартап ва бизнес ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратишга қаратилган, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Самарқанд вилоят бош бошқармаси “Келажакка қадам” маркази менежери Шермуҳаммад Ғаниев. – Дастур доирасида битирувчиларнинг бизнес ғояларини лойиҳага айлантиришда амалий ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун имтиёзли молиялаштириш ва кредит олиш имкониятлари яратилди, талабалар учун танловлар ва стажировка дастурлари ташкил этилди, иш берувчилар билан ҳамкорлик орқали ишга жойлашиш имкониятлари кенгайтирилди. Мазкур дастур бўйича ўтган йил 251 нафар битирувчига йиллик фоиз ставкаси 18 фоиз миқдорида 12 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди ва 500 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Дастур фақат ёшларни тадбиркорликка йўналтириш ва уларга кредит маблағи ажратиш билан чекланган эмас, унинг доирасида “Талаба экспо” касб кўргазмаси ўтказилиб, банкимизнинг 200 дан ортиқ йирик иш берувчилари жалб этилди. Натижада 2 мингдан ортиқ талабалар ва битирувчилар бу корхоналарга ишга жойлашди. Президентимиз жорий йил февраль ойида ёшлар билан учрашувда “Келажак тадбиркори” дастурини ишлаб чиқиш ва унинг доирасида нафақат бизнес бошлаш ёки кенгайтириш истагидаги ёшларга, балки битирувчилар бандлигини таъминлашга кўмаклашаётган тадбиркорлик субъектларига ҳам 10 миллиард сўмгача кредит маблағларини ажратиш топшириғини берди. Эътиборлиси, мазкур дастур асосида ажратиладиган кредит 7 йилгача муддатга 15 фоиз ставкасида берилмоқда.
Бундай имконият ва имтиёзлар туфайли шу пайтгача дастур асосида 600 нафардан ортиқ талабалар ва битирувчиларга кредит маблағлари ажратилди ва 1000 нафарининг бандлигини таъминлашга эришилди. Умуман, жорий йилда мазкур дастур бўйича жами 100 миллиард сўм кредит бериш кўзда тутилган. Бундан ташқари яна “Талаба экспо” кўргазмасини ташкил этиб, вилоятимиздаги олий таълим муассасаларини битираётган 24 минг нафар ёшларнинг 20 фоизини шу кўргазма ва дастур доирасида бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз. Айни чоғда ҳар ҳафта пайшанба куни ёшлар билан учрашувларда банкимиз томонидан уларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларимиз ҳақида маълумот бериб боряпмиз. Бу жараёнда ҳам кўплаб битирувчилар дастурларимиздан хабардор бўлиб, ўз лойиҳа стартапларини тақдим этмоқда.
Кечаги битирувчи бугун тадбиркор
Азиза Ғаниева Самарқанд давлат тиббиёт университетини битириб, хорижда ҳам ўқиб келгач, қаерда иш бошлашни ўйлаб турганида “Келажакка қадам” дастури ҳақида эшитдию оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, Оқдарё тумани марказида хусусий тиббий муассаса ташкил этишга қарор қилди.
– Отам ҳам тажрибали врач, туман марказий шифохонасида, кейинчалик хорижда ишлаб келган, – дейди Оқдарё туманидаги “GANIYEV MEDICAL” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азиза Ғаниева. – Мен ҳам тиббиёт университетида ўқиб, қўлимга дипломни олгач, биргаликда ишлаш учун эски бинони сотиб олиб, шу клиникани ташкил этдик. Муассасамизга замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва мебель жиҳозлари харид қилиш учун лойиҳа ишлаб чиқиб, “Келажакка қадам” дастури бўйича 7 йил муддатга 24 ойлик имтиёзли давр билан 415 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Шу йил март ойида 20 ўринли клиникамиз фаолиятини бошлади ва ўнга яқин иш ўрни яратдик. Қисқа вақтда ўз мижозларимизни топдик ва келгусида фаолиятимизни кенгайтиришни ўйлаяпмиз.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети битирувчиси Ойдин Шамсиддинова ҳам Пастдарғом тумани марказида замонавий кафе ташкил этиш лойиҳасини “Келажакка қадам” дастури асосида амалга оширди. Умумий қиймати 1,5 миллиард сўм бўлган лойиҳа учун унга “Ўзмиллийбанк” томонидан “Келажакка қадам” дастури асосида 1 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди.
– Банк кредити ҳисобидан кафе учун мебель ва бошқа жиҳозлар харид қилдик, – дейди “JUMA BOUTIQUE CAFЕ” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ойдин Шамсиддинова. – Ҳозирда ўз фаолиятимизни йўлга қўйиб, турли ширинликлар тайёрлаб сотяпмиз, аҳолига қулай ва шинам муҳитда хизмат кўрсатяпмиз. 6 киши доимий иш билан таъминланди.
[gallery-29760]
Жомбой туманида “A1AGRO” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий ўқув маркази ва автомактаб ташкил этиш лойиҳаси ташаббускори ҳам Самарқанд давлат тиббиёт университети битирувчиси Дўсмонов Фарухжон бўлди. Унинг умумий қиймати 1,3 миллиард сўм бўлган лойиҳасини амалга ошириш учун “Келажакка қадам” дастури бўйича 1 миллиард сўм кредит берилди. Бунинг эвазига ўқув марказ ва автомактаб зарур жиҳозлар билан таъминланиб, яқинда фаолият бошлади.
Умуман, бугун Самарқанд вилоятида “Ўзмиллийбанк”нинг “Келажакка қадам” ва “Келажак тадбиркори” дастурлари асосида юзлаб ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаб нафақат ўзи, балки яна бир нечта тенгдошлари, маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаяпти ҳамда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари