Балиқчининг энг намунали маҳалла раиси
Шу кунларда Андижон вилоятида “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларнинг ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган. Маҳалла оқсоқоллари, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кексалар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарган. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқлар, маслаҳатлар берган. Шу маънода маҳалла халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва бошқарув маскани саналган.
Маҳалла фаолиятининг ана шу ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтиришда маҳалла раисининг ўрни ва роли ниҳоятда каттадир. Шу боис ҳам маҳалла раиси бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, билимдон, адолатли, маҳалла аҳлини эзгу ишларга эргаштира олишдек юксак фазилатлар соҳиби бўлиши муҳимдир.
[gallery-16207]
Белгиланган шартлар асосида ўтган танловнинг туман босқичида ана шу жиҳатларга, шунингдек, раисларнинг маҳалладаги муаммоларни бартараф этиш, қонунчиликдаги соҳага ва фаолиятига оид ҳужжатлардан қай даражада хабардорлиги, ташкилотчи ва ташаббускорлиги, умуман, турли йўналишлар бўйича маҳалланинг ижобий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижаларига кўра, 2- сектордаги "Чароғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нодирахон Тоштемирова ғолиб бўлиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
– Маҳалламиздаги 700 га яқин оила таркибида 2 минг 235 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди танлов ғолибаси Нодирахон Тоштемирова. – Белгиланган барча йўналишлардаги ишларни намунали ташкил этганмиз, айниқса, “маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорлиги жуда яхши йўлга қўйилган. Масалан, 2023 йилда маҳалламизда бирорта ҳам жиноятчилик, ажрашиш бўлмади. Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилди. Танловда ғолиб бўлганлигим, бу нафақат менинг, балки “маҳалла еттилиги”, фаоллари, умуман, маҳалла аҳли томонидан олиб борилган ишларнинг самарасидир. Насиб этса, танловнинг вилоят босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.
Ғолиб ва барча иштирокчилар танлов ташкилотчилари томонидан пул мукофоти, эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари