Балиқчилик тармоғи ривожланмоқда
Балиқчи туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, соҳадаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Балиқчиликни ривожлантириш маркази ташаббуси билан Балиқчи туманидаги “Чинобод реал бизнес” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган кўргазмали семинарда Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Зокир Ишпулатов, Балиқчиликни ривожлантириш маркази директори Зокир Бўтаев, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар сув ҳавза бошқармалари, Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳудудий бўлимлари ҳамда юртимиздаги балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Кўргазмали семинарда Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони мазмун-моҳияти, фармонда белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.
[gallery-31713]
Жумладан, балиқчилик тармоғини ривожлантириш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажмини оширишга, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, амалиётга замонавий технологияларни жорий этиш, балиқчилик хўжаликларини озуқа билан таъминлаш ҳамда соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга “Чинобод реал бизнес” масъулияти чекланган жамиятида йўлга қўйилган интенсив балиқ етиштириш жараёни бўйича амалий тажрибалар намойиш этилди. Лойиҳанинг афзалликлари, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.
– Корхонамизнинг интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси асосида соҳага илғор тажриба ва технологиялар жорий этилмоқда, – дейди “Чинобод реал бизнес” МЧЖ раҳбари Ғофуржон Собиров. – Мақсадимиз балиқчилик соҳасини ривожлантириш ҳамда Фарғона водийсидаги балиқчилик хўжаликларини форель чавоқлари билан таъминлашдир. Умумий қиймати 30 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида 2 гектар майдондаги махсус ҳовузларда интенсив усулда йилига 2,5 миллион дона балиқ човоқлари, 200 тонна балиқ гўшти етиштирилади. Мажмуамизда сувни биологик усулда тозаловчи бир ҳужайрали сув ўти – хлорелла суспензиясини етиштириш лабораторияси ташкил этилган. Хлорелла ёрдамида тозаланган сув ҳосилдорликни 15-20 фоизгача оширишга ёрдам беради. Ҳовузларга сувни тозаловчи, совитувчи ва кислородга тўйинтирувчи махсус жиҳозлар ҳам ўрнатилган.
Мажмуада электр энергиясига бўлган эҳтиёж қуёш панеллари орқали олинган яшил энергия ҳисобидан тўлиқ қопланади. Ҳовузлардан чиққан, аммиак, фосфор ва кальцийга табиий бойитилган сув исроф қилинмасдан, экинларни суғоришга йўналтирилади. Бу сувни тежаш билан бирга, ҳосилдорликни оширади. Ушбу илғор технологияни қўллаган ҳолда 2 гектар майдонда анъанавий усулда 100 гектарли сув ҳавзасида етиштириш мумкин бўлган ҳажмдаги маҳсулотни олиш имконини беради.
Шунингдек, корхонада Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг зооинженерия балиқчилик йўналиши талабалари учун дуал таълим йўлга қўйилган бўлиб, талабаларнинг ҳам назарий, ҳам амалий билимларини мустаҳкамлаш учун зарур шароитлар яратилган. Қолаверса, ушбу ҳамкорлик амалий жараёнларга, балиқ парваришига илмий ёндашишга ёрдам беради.
Мутахассислар томонидан хўжаликда интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар юзасидан тақдимот ўтказилди.
– Кўргазмали семинарда иштирок этиб, интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича кўп нарсаларни ўргандим, – дейди семинар иштирокчиси, Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги “Фарель намуна” балиқчилик хўжалиги иш юритувчиси Акмалжон Норхўжаев. – Хўжалигимиз 10 гектар майдондаги кўлда йилига 40-45 тонна балиқ етиштиради. Семинарда илғор технологияларни жорий этиш орқали балиқ етиштиришни бир неча баробар ошириш мумкинлигини амалда кўрдик.
– Семинарга Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрдик, – дейди Балиқчиликни ривожлантириш маркази Қорақалпоғистон бўлими раҳбари ўринбосари Бахтиёр Қўйчибоев. – “Чинобод реал бизнес” хўжалигида йўлга қўйилган ишлар билан танишиб, интенсив усулда балиқ етиштириш юқори натижалар беришини амалда кўрдик. Қорақалпоғистондаги балиқчилик хўжаликларида ҳам илғор тажриба ва технологияларни қўллаш бўйича аниқ режаларни белгилаб олдик.
Семинар якунида юртимизда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, амалиётга замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото)
ЎзА мухбирлари.