Баланд парвоз, Сизга битирувчилар
Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
“Баланд парвоз, Сизга битирувчилар!” шиори асосида ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, битирувчилар, уларнинг ота-оналари, шунингдек, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М. Атамуратов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ш. Эргашев, филиал директори Қ. Юсуповлар сўзга чиқишиб, барча битирувчи ёшларни самимий қутлаб, келгуси ишларига юксак парвозлар тилашди. Сўнг битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди. Жорий ўқув йилида мазкур олий ўқув юртини кундузги, сиртқи ва магистратура мутахассисликлари бўйича жами 362 нафар ёш муваффақиятли тамомламоқда.
[gallery-30261]
Мазкур олий ўқув юртини аъло натижалар билан якунлаган битирувчилардан бири Азиза Бозорбоева 2022 йилда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали "Эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги" таълим йўналишига ўқишга қабул қилинди. Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган артист, доцент Гулсара Жуманиёзовадан актёрлик маҳорати ва техникаси сирларини ўрганди. Кўплаб хорижий давлат ва республика танловларда фаол қатнашиб юқори ўринларни олишга муяссар бўлди. Шунинг билан бир қаторда, 2024 йилда Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрига актриса сифатида ишга қабул қилинди. 2023 йил 24 ноябрда саҳнадаги дебюти – қозоқ драматурги Мухтор Авезов қаламига тегишли, ёш режиссёр Султанбек Қаллибеков томонидан саҳналаштирилган “Қаракўз” спектаклида бош қаҳрамон – Қарокўз ролини ижро қилди.
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган артист, режиссёр Роза Пиязова томонидан саҳналаштирилган “Сирли қудуқ” спектаклида Дилбар, “Сеҳрли сандиқ” шоу-спектаклида Илон, режиссёр Султанбек Қаллибеков томонидан саҳналаштирилган “Дилдар” спектаклида Дилдор, “Қиймайман” спектаклида Катя, “Муҳаббат бекати 1-2” спектаклларида Қиз каби турли образларни ижро қилди.
— Фарзандининг олий маълумотли бўлиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши ота-онанинг эзгу орзуларидан биридир. Мана битирувчи ёшларимиз йиллар давомида олган билимлари натижасида давлат аттестация синовлари ва битирув малакавий дипломларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, малакавий дипломларини олишга муяссар бўлмоқда. Бу биринчи навбатда ота-онани, қолаверса, таълим берган устозларни хурсанд қилади,—дейди Азиза Бозорбоеванинг онаси Зулайҳо Қўчқорова.
Тадбир талаба-ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари