Баҳоргача турадиган Андархон қовунлари сири (+видео)
Ўзбекистон қовунлари Америкагача етиб боргани ҳақида эшитгандирсиз. Ҳа, бу гап ёз ойларида бўлган эди. Аммо Фарғоналик қовунчилар қиш чилласида ҳам палакдан янги узилгандек қовунларни сизга тортиқ қила оладилар. Қандай қилиб дейсизми?
Бешариқ тумани деҳқону боғбонлари бу борада ном чиқардилар. Улар мевани қуритиб, саралаб, қадоқлаб Европа ва Осиё мамлакатларига экспорт қилади. Аммо шунинг ўзи эмас. Туманнинг Андархон қишлоғи ҳар ерда машҳур. Улар қовун етиштириш ва уни баҳор ойларигача сақлаш сирини билади. Бунинг учун дастлаб Жиззахнинг бепоён далаларида турфа нав қовун уруғи экадилар. Уни парваришлаб, ҳосилини олгач, Андархонга олиб келишади.

– Гулоби, беданапат, умрвоқи каби навларни экамиз. Ҳар бир деҳқон бир навни танлайди. Қовунлар пишгач довон орқали олиб келамиз, – дейди Андархоннинг машҳур қовунчиси Махсутали Соипов.
Андархон қовунларининг узоқ сақланиши учун икки омил бўлиши шарт. Биринчиси, қовун сақлайдиган омборхона. У ертўла ҳам, ер устидаги бино ҳам эмас. Оралиқ иншоот. Аммо унинг ўзига хослиги бор.
– Девори имкон қадар қалин қилинади. Ё пахса урамиз, ёки тўрт қатор гувалак терамиз. Агар у қалин бўлмаса, омбор салқин бўлмайди. Қовун эса иссиқни ёқтирмайди. Бундан ташқари, туман ва ёғингарчилик бўлмаслиги керак, – дейди Махсутали ака. – Қовуннинг ичига ўз меъёрида совуқ кириши керак. Шунда уни узоқ сақлаш мумкин.
Кўриб турганингиздек, қовунлар осиб қўйилади. Осиш учун эса қовға керак.
– Кўл ва дарё бўйларидан қовға ўриб келамиз. Уни нам ҳолатда бойлаймиз. Чунки сувга солингандан сўнг қовға майин бўлиб қолади. Қовунга ботмайди. Уни ёпишиб ушлаб туради, – дейди кекса қовунчилардан бири Мирзомиддин ота Иномов. – Андархоннинг қовунини одамлар шу қовғасидан танийди. У Самарқанд, Тошкент, Тожикистон, Қирғизистон, ҳатто Россияга ҳам шу ҳолатда етиб боради.

Қовғани ўриб келганингиз билан иш битмайди. Уни сувда меъёрида ивитиш керак. Шундан сўнг уни тарам-тарам қилиб соч ўрамга қиёслаб ўрилади. Тайёр бўлгач қовға арқонни ҳали нами қочмай қовун атрофига тўқилади. Бу иш жуда тез бўлиши, яъни қовунга иссиқ ўтмаслиги ва қовғадан нам қочмаслиги лозим. Шунинг учун қишлоқ маҳаллаларида навбат билан ҳашар қиладилар. Шундан кейингина қовунлар омборга киритилиб осилади.
– Мен ҳар йили омборимда 7-8 минг қовун сақлайман. Қишлоғимизда 10-15 мингта қовун осадиганлар ҳам бор. Ҳар ким ўз қувватига қарайди. Бу мен учун ота касби. Мендан кейин фарзандларим ҳам шуғулланяпти. Қишлоғимиздаги 80-90 фоиз хонадонларда қовун сақланади, – дейди Махсутали Соипов.
Бешариққа, Андархонга келсангиз осма қовун олмасдан қайтманг.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА