Баҳодир Жалолов: Ҳозир энг муҳими машғулот
Токио-2020
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари шу кунларда кенгайтирилган таркибда ёзги олимпия ўйинлари олдидан Токиода сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Терма жамоамиз аъзолари 3 та таркиб билан йиғинда қатнашмоқда. Кунчиқар юртда ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз аъзолари, мураббийлар билан телефон орқали қисқа суҳбат ўтказдик. Қизиғи, қўнғироғимиз жаҳон чемпиони Баҳодир Жалоловнинг туғилган кунига тўғри келганлиги боис илк суҳбатдошимиз у бўлди.
- Баҳодир, аввало, туғилган кунингиз билан табриклаймиз. Машғулотлар қандай кечяпти?
- Раҳмат. Доимгидек мураббийларимиз кўрсатмаси асосида шуғулланяпмиз. Қатъий кун тартиби белгиланган.
- Бугун таваллуд айёмингиз. Шу боисдан бугун сиз учун дам олиш куни бўлса керак.
- Дам олиш куни олимпиададан кейин бўлади. Тўғри, эрта тонгдан тренерларим, жамоа аъзолари табриклашди. Кейин одатдагидек, эрталабки бадантарбия, нонушта ва кейин кун тартибида белгиланган режага биноан машғулот.
- Турли интернет тармоқлари, нашрларда рақибларингиз, хорижлик бокс тренерларининг сиз ҳақингиздаги қизиқарли фикр-мулоҳазаларини бериб бориляпти. Ўқиб боряпсизми?
- Очиғи, интернет тармоқларига диққатимни қаратганим йўқ. Бунга мураббийларим ҳам рухсат беришмайди. Ҳозир энг муҳими машғулот.
Баҳодир Жалолов билан хайрлашиб, кейинги суҳбатдошимиз бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Элшод Расуловга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
- Терма жамоамиз аъзолари Японияда учта таркиб билан машғулотларни олиб боришяпти. Спортчиларимизнинг кайфияти қандай?
- Олимпия йўлланмасини қўлга киритган 11 нафар спортчимизнинг машғулотларни самарали олиб бориши учун Японияга 2 нафардан қўшимча таркиб билан келганмиз. Биринчи-иккинчи кунлари бироз об-ҳаво ноқулайлиги бўлди. Қатъий карантин шароитида шуғулланяпмиз. Бош мураббийимиз Марат Қурбоновнинг қаттиққўллиги, Лочин Қўчқоров, Раҳматжон Рўзиохунов, Тўлқин Қиличев ва бошқа мураббийларимизнинг ҳар бир спортчи билан алоҳида-алоҳида ишлаши, уларга руҳий қувват бериш бўйича олиб бораётган ишларимиз ўз самарасини беряпти, деб ўйлайман. Ҳозирда Япония шароити, об-ҳавосига анча мослашиб ҳам олдик.
- Токио олимпиадасига тайёргарлик машғулотлари қаерда ўтказиляпти?
- Машғулотлар Токиодаги Koenji Gymnasium бокс залида бўлиб ўтяпти.
- Ўзбекистон терма жамоасидан ташқари яна қайси давлат боксчилари бу ерда машғулот олиб боришяпти?
- Бу ерда фақат биз шуғулланяпмиз. Олимпиада остонасида ҳеч ким билан кўришиш, спарринг машғулот олиб бориш режамизда йўқ.
- Терма жамоамиз аъзоларининг саломатликлари масаласида муаммолар йўқми?
- Ҳамма спортчиларимиз жангавор кўринишда. Қатъий кун тартибига амал қилинган ҳолда машғулотлар ўтказиляпти. Дилшод Казаков бошчилигидаги терма жамоамиз шифокорлари спортчиларимизнинг саломатлигини доимий тарзда назорат қилиб бормоқда.
- Олимпия ўйинларидаги бокс мусобақаларида қайси давлат спортчилари қайси вазнда кучлилиги, кимнинг имконияти қандайлиги тўғрисида турли фикрлар оммавий ахборот воситалари орқали айтиб келиняпти. Кузатиб боряпсизларми?
- Албатта, айтилаётган фикрларни таҳлил қилиб боряпмиз. Энди бу уларнинг фикри, қараши. Биз учун бундай муносабат, салбий ёки ижобий фикрларнинг у қадар аҳамияти йўқ. Барчасига ринг ойдинлик киритади. Шунинг учун қаттиқ ишлашимиз керак. Қолаверса, ҳар кунги машғулот натижаси, спортчиларнинг жисмоний, руҳий ҳолати мураббийлар штабида муҳокама қилинади. Керакли тактик-техник маслаҳатлар ўртага ташланмоқда. Шунга асосан иш режамизда баъзида ўзгаришлар қилиб турибмиз. Лекин асосий баҳсларга тайёргарлик белгиланган дастур асосида олиб бориляпти.
Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди.