Бағрикенгликнинг яна бир намунаси
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Россияда ишлаб, уч нафар фарзанди билан қийналган Дилафрўз Усмоновага ҳеч қандай кредит тўловларисиз уй совға қилди. Шунингдек, у иш билан таъминланди. Фарзандларининг таълим олиши учун ҳам шароит яратилди.
Дилафрўз Усмонова асли янгиерлик. У турмуш ўртоғи билан ажрашгач, уч нафар фарзандини ота-онасига қолдириб, Россия Федерациясига ишга кетади. Аммо фарзандларига бўлган соғинч уни тинч қўймайди. Шу сабабдан фарзандлари Маржона, Дурдона ва Зумрадни ҳам Россиянинг Новосибирск шаҳрига ўзи билан бирга олиб кетишга қарор қилади. У ерда қурилиш фирмаларида сувоқчи, бўёқчи бўлиб ишлаб, қизларини ўқитиш учун ойлик маошидан орттира олмайди. Шунинг учун ҳам фарзандлари мактабда таълим олмайди.


Дилафрўзнинг онаси 2023 йили янги ўқув йили бошланишидан олдин болаларни Ўзбекистонга қайтаришни, бу ерда – Ўзбекистонда ўзининг назорати остида бўлишини айтади. Дилафрўзнинг олдида иккита йўл турарди. Биринчиси, фарзандлари билан бирга бўлиб, уларнинг келажакда қийналмаслиги учун уй сотиб олишга маблағ тўплаш бўлса, иккинчиси, уларни Ўзбекистонга қайтариб, таҳсил олишини таъминлаш эди. У ўйлаб, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига оилавий шароити ҳақида батафсил ёзди. Унинг мурожаати ҳукуматимиз томонидан ўрганиб чиқилиб, бир ҳафта ичида оила Ўзбекистонга қайтарилди.


–Мен ҳайратда қолдим, – дейди Дилафрўз Усмонова. – Хат йўллаган кунимдан бир ҳафта ҳам ўтмасдан ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди. Тез орада ҳукуматимизнинг Россиядаги масъуллари самолётга чипталар олиб бериб, она юртимга олиб келишди. Бизни аэропортда кутиб олган ҳокимият вакиллари Янгиерда янги қурилган кўп қаватли уйлар томонга бошлашди. Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев янги уйнинг калитини бериб, мени самимий қутлади. Ичкарига кирганда эса, ўзим ва фарзандларим янада қувониб кетдик. Чунки янги уйга янги жиҳозлар ўрнатилган, бир оилага нима керак бўлса, барчаси муҳайё. Телевизор, музлаткичдан тортиб, рўзғор идишлари керакли жойга қўйилган, гиламларгача тўшалган. Вилоят ҳокими фарзандларимга янги ноутбук, кийим-кечаклар совға қилиб, бизни шу куннинг ўзидаёқ Янгиер шаҳридаги сиҳатгоҳга дам олишга юборди. Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров ва мутасаддилар ҳам ўз кўмакларини берди. Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Барно Бекназарова аёлларнинг “Темир дафтари”га исми-шарифимни киритиб, шу куннинг ўзида 4,5 миллион сўм моддий ёрдам берди. Бундан ташқари, касб эгаси бўлишим учун Эркиной Мамажонованинг “Bekajon Yan” МЧЖ касаначилик корхонасига бириктириб қўйишди. Ҳозир ўзбек миллий либослари, кўрпа-тўшак, болалар ва катталар либосларини тикиб, меҳнатимга яраша маош олмоқдаман. Тадбиркор Эркиной опа менга меҳр билан ҳунар ўргатиб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Фарзандларим мактабда таълим олишмоқда. Ҳатто уларнинг репетитор хизматидан фойдаланишига имкон яратиб берилган.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири