Бағдодда янги саноат корхонаси ишга тушди
Фарғона вилояти Бағдод туманидаги “Ferghana Spinning” пахта-тўқимачилик кластери томонидан барпо этилган замонавий мато ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича берилган кўрсатмалари ижроси сифатида ишга туширилган ушбу корхонанинг лойиҳа қиймати 128,4 миллиард сўмни ташкил этади.



Йиллик 4,8 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилиб, ишлаб чиқариладиган сифатли трикотаж матолар ички бозор билан бирга қўшни ҳамда Европа давлатларига экспортга йўналтирилади. Янги корхонада 150 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Ҳозир “Ferghana Spinning” томонидан матодан тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилаётган бўлиб, келгуси йилда ишга туширилиши белгиланган.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири