Бағдодда янги ахборот-кутубхона маркази очилди
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида янги бунёд этилган ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди.
Қадимда ўтган донишмандлардан бири китобсиз уйни руҳсиз танага ўхшатган экан. Ҳудудларда кутубхоналар қурилаётгани, китобхонлар сафининг тобора кенгайиб, китобхонлик маданияти ривож топиб бораётгани хонадонларимизда покиза руҳ, файзу барака юксалаётганидан далолатдир. Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда кутубхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳар ва туманларда 18 та ахборот-кутубхона маркази фаолияти йўлга қўйилди. Данғара туманида янги кутубхона қурилди. Шунингдек, айни кунларда Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказини бутунлай қайта таъмирлаш ишларига киришилган.


Бағдод тумани қурилган ахборот-кутубхона марказининг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, туман ҳокими Юсуфжон Ҳусаиновлар мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасидаги ишларга тўхталиб, мазкур кутубхона туман аҳоли учун чинакам маърифат маскани бўлганини таъкидлашди. Кутубхонага вилоят ҳокимининг совғаси-500 дона сара китоблар туҳфа этилди.


Мазкур замонавий ахборот-кутубхона маркази 1 миллиард 200 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда 1 миллиард 200 миллион сўм “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси маблағлари эвазига қуриб битказилди. Бу ерда 92 минг дона китоб фонди мавжуд бўлиб бир пайтда 200 нафар фойдаланувчининг маънавий озуқа олишга хизмат қилади. Янги кутубхона китобхонларга қулайлик яратиш мақсадида мебел жиҳозлари ва янги адабиётлар, комьпютерлар ва интернет билан таъминланди.
Рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари кутубхонада яратилган шароитлар билан танишди.
-Фарғонага сафаримизнинг энг қизғин воқеаси - бу Бағдод тумани ахборот-кутубхона марказининг очилиш маросими бўлди, -дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева.- 2019 йилда Президентимиз қарори билан туман ва шаҳарларда ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилиши белгилангандан кейин биринчилардан бўлиб Бағдодда туман ҳокими билан янги бино барпо этишни келишган эдик. Бугун ўша ниятимиз, режамиз, амалга ошиб, кутубхона учун 3 қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси номидан соҳавий техника ва жиҳозлар сотиб олиш учун биз ҳам 100 млн сўм ажратдик. Умид қиламизки, ушбу муҳташам бино бағдодлик китобхонларимизнинг севимли масканига айланади. Кутубхона ховлисида “Яшил макон” барпо этиш мақсадида дарахт кўчати ҳам ўтқаздик.
М.Сулаймонов, ЎзА