Баҳорнинг сўнгги кунларида очилган марказлар...
Бу йилги баҳор ўзгача бўлди.
Бу йилги баҳор ўзгача бўлди. Биз аввал кузатмаган воқеалар гувоҳи бўлдик. Карантин, пандемия, ўз ўзини яккалаш ...
Бу жараёнлар оқимида баҳор ўтиб кетганини ҳам сезмай қолдик.
Карантин сабаб кўпгина чекловлар фақат ва фақат фуқаролар саломатлигини ўйлаб татбиқ этилди.
Бироқ, инсон эҳтиёжларни чеклаб бўлмайди. Худди шундай, давлат хизматларига бўлган талаб ўсишини ҳам буткул тўхтатиб бўлмайди.
Карантин бўлишига қарамай, фуқаролар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Давлат хизматлари марказлари ўз иш фаолиятларини давом эттирдилар. Белгиланган тартиб ва қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият ташкил этилди.
Онлайн хизматлардан фойдаланиш янада соддалаштирилди. Шундай бўлса ҳам, фуқароларимиз бевосита марказларга ташриф буюрган ҳолда ҳам хизматлардан фойдаланишлари учун зарур шароитлар яратилди.

Янги, замонавий биноларда барча шароитлар мавжудлиги, кенг ва ёруғ кутиш заллари, барча керакли ташкилотлар бир жойда жойлашганлиги фуқароларни ортиқча сарсонгарчиликдан халос этмоқда.
Шундай замонавий ва инновацион марказлар сони кундан кунга кўпаймоқда.
Қашқадарё вилоятида шу кунга қадар фойдаланишга топширилган Косон, Шаҳрисабз шаҳар ва Шаҳрисабз туман, Қарши туман ҳамда Қарши шаҳар Давлат хизматлари марказларининг қулайлигини, аввалги шароит билан фарқларини ташриф берувчилар дарҳол сезишлари мумкин.
Бугун, бирваракайига яна 3 та туманда ЯНГИ, замонавий ва инновацион марказ бинолари фойдаланишга топширилди. Бу ўзига ҳос ижобий рекорд деб ҳам айтиш мумкин.
Қамаши, Ғузор, Яккабоғ туман аҳолиси учун баҳорнинг сўнгги кунларида ажойиб туҳфа бўлди.
Ҳар бири ўзгача дизайн ва интерерга эга. Барча биноларда кенг кутиш заллари, кутубхоналар, болалар майдончаси, тиббиёт хоналари, ўзи ўзига хизмат кўрсатиш зоналари каби шароитларнинг барчаси муҳайё этилган.
Қамаши туман ДХМ давлат хусусий шерикчилик асосида қуриб битказилиб, туманнинг 259500 нафар аҳолисига янада тезкор ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, ташрифчилар учун ҳар томонлама қулай масканига айланади деган умиддамиз.
Туманда жорий йилда шу бугунга қадар 10 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, март-апрель ойларида 139 та янги тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтказилганлиги, туманнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари кенглигини кўрсатмоқда.
Қамаши тумани ДХМ биносини фойдаланишга қабул қилиш тадбирида вилоятимизда хизмат сафари билан бўлиб турган, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсинхон Худейбергенов, вилоят ҳокими-сенатор Зоир Мирзаев ҳамда вилоят сектори раҳбарлари иштирок этдилар.
Ғузор ва Яккабоғ туманларидаги аввал фойдаланилмай келинган бинолар қайта реконструкциядан сўнг, шинам ва замонавий кўринишга келтирилиб Давлат хизматлари марказига айлантирилди.
Ғузор тумани ДХМ нинг ЯНГИ биносининг умумий майдони 3545 кв.метрни ташкил этган, барча қулайликларга эга икки қаватли бино туман аҳолиси учун хизмат қилишга тайёр.
Аввал туман халқ қабулхонаси биносининг 2 та хонасида фаолият олиб борган Ғузор туман ДХМ томонидан фуқароларга тақдим этилаётган хизматлар сони кундан кунга ошиб, ташриф буюрувчилар сони ҳам ортишига сабаб бўлмоқда.
Ғузор туманида 2020 йилда, 11340 та хизмат кўрсатилган, айнан март- май ойларида 4574 та хизмат кўрсатилган. Фуқаролар шу давр мобайнида асосан, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР)ни аниқлаш, кадастр паспортини тайёрлаш, судланганлик(судланмаганлик) тўғрисидаги маълумотларни олиш учун мурожаат этишган.
Яккабоғ туманидаги фойдаланишга топширилган шинам ДХМ биноси ҳам қайта реконструкция қилиниб, туманнинг 252 мингдан зиёд аҳолисига янада сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун ўз эшикларини очди.
Яккабоғлик тадбиркор Қодиров Абдулатиф йилдан йилга давлат хизматларидан фойдаланиш осонлашиб бораётгани, тадбиркорлар ва фуқаролар учун содда ва тушунарли бўлиб бораётганини таъкидлар экан, бу замонавий ва кенг бинода хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлиги янада оширади дея ўз фикрини билдирди.
Бундай марказга хорижлик ҳамкорларни олиб келсанг юзинг ёруғ бўлиб, иш бошлайсан. Юртимиздаги ислоҳотлар натижасини чет элликлар инвесторларга кўрсатиб бера оладиган илк манзил бу Давлат хизматлари марказидир!
ДХА Қашқадарё вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати