Ажрим ёқасидаги оилалар ярашди
Навоий вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати, туманлараро (туман) судлари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган ишлар бўйича тарафлар ярашганлиги сабабли жами 72 та иш тугатилган. 53 та оила судлар томонидан, 19 таси туман ва шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда яраштирилган.
Навоий вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш мақсадида Навоий вилоят суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ўртасида Меморандум имзоланган.
– Оила муносабатлари барқарорлиги, оилалар фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис, оилавий ажримларнинг олди олинмоқда, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьяси Шерали Очилов. – Яқинда бир аёл судга никоҳини бекор қилиш борасида мурожаат қилди. У ўз мурожаатида турмуш ўртоғи М.М. билан 2016 йил 6 апрель куни Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлимида никоҳдан ўтганлиги, ҳозирда бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, турмуш ўртоғининг хатти-ҳаракатлари ўзгариб, оиласини ҳурмат қилмаслиги боис бир оила бўлиб яшаш имконияти йўқлигини маълум қилган.
Суд мажлиси давомида тарафларга оиладаги муҳит жуда муҳимлиги, бунда оила аъзолари, айниқса, эр-хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўз бўлиши, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги, оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчини астойдил адо этишга интилиши лозимлиги сингари омиллар тушунтирилгач, улар ўзаро ярашиб, даъво талабидан воз кечди.
Абдували Бўриев, ЎзА