Ажрашиш остонасидаги оилалар яраштирилди
Андижонда оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, ажрашиш остонасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал ва бахтиёр бўла олмайди. Оиланинг жамиятдаги ўрни ва роли масаласи барча даврларда ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган. Шу маънода оиланинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, халқимизнинг оила билан боғлиқ қадриятларини мазмунан бойитиш, оилаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокими фармойиши билан жорий йилнинг 1 августдан 1 сентябрга қадар вилоятда “Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги” деб эълон қилинди.
– Вилоятимизнинг 3 миллион 300 мингдан зиёд аҳолиси 850 мингга яқин оила таркибида истиқомат қилади, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. – Уларнинг қарийб 30 фоизини ёш оилалар ташкил этади. Ойлик доирасида оилаларни мустаҳкамлаш, ҳар бир оила билан бевосита иш олиб бориш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилиши белгиланган.
[gallery-3309]
“Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги” доирасида Андижон тумани марказида “Фарзандни ота-она меҳридан маҳрум этманг!” шиори остида ўтказилган тадбирда оила, оналар ва болалар давлатимиз ҳимоясида эканлиги, шу билан бирга, оила манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги кунда оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларига ажримлар, оилада ва фарзанд тарбиясида юзага келаётган муаммолар, қайнона-келин муносабатларидаги низолар оилани пароканда қилиши, бундай ҳолатларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.
Шунданг сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Нишонов, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Низомова, вилоят бош отинойиси Ш.Қосимова, шунингдек, мутасадди идоралар масъуллари иштирокида оилалардаги муаммоларни бартараф этиш, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш бўйича мулоқотлар ўтказилди.
– Анчадан буён ота уйимда яшайман, – дейди Улуғнор тумани Баҳор маҳалласида яшовчи Нигора Мадаминжонова. – Икки нафар фарзандимиз бор. Турли можаролар туфайли оиламизда кўп жанжал бўлар эди. Бунга чидамасдан ота уйимга кетиб қолгандим. Тадбирда бу ишим нотўғри эканлиги, сабрли бўлишим кераклиги, ана шу арзимаган жанжаллар фарзандларимнинг тирик етим бўлиб қолишига арзимаслигини тушуниб етдим. Турмуш ўртоғим ёнига қайтишга, ҳар қандай қийинчиликка чидаб оиламни бузмасликка аҳд қилдим. Ишонаман, турмуш ўртоғим мени, албатта қўллаб-қувватлайди.
Мулоқот давомида турли низолар туфайли пароканда бўлиб турган кўплаб оилалар, ажрашишни ният қилган келин-куёвлар, “тош отишаётган” қайнона-келинлар бир-бирларидан кечирим сўраб, биргаликда аҳил яшашга ваъда берди.
Тадбир доирасидаги мулоқотларда инсон сабрли бўлиши, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда турли қийинчиликларни енгиб ўтиш, ота-боболаримиз, халқимизнинг оилани мустаҳкамлаш борасидаги қадим ва бетакрор қадриятлари мисолида уларга оилаларини сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш тушунтирилди. Суҳбатлар давомида кўплаб келин-куёвлар, қайноналар ўз хатоларини англаб, бундан буён аҳил яшашга келишиб олди.
Мулоқот давомида ажрашиш арафасида турган 16 оила яраштирилди. Яраштирилган оилаларга оилани муқаддас билиш, мустаҳкамлигини таъминлашга оид адабиётлар тўплами совға қилинди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА