Аждодлар қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмайди
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов вилоят секторлари раҳбарлари ва бир гуруҳ фаоллар ҳамроҳлигида аждодлари қатағон қилинган Муҳаммаджон Авазжонов хонадонида бўлди. Вилоят ҳокими хонадон эгалари билан суҳбатлашди, мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами билан қутлади. Ўтганларнинг ҳаққига дуо қилинди.
Ўтган асрнинг 20-йилларида бир гуруҳ туркистонлик ва бухоролик ёшларнинг Германияга ўқишга юборилиши Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда катта тарихий аҳамиятга эга бўлган. Чунки фан ва хўжаликнинг турли соҳаларида замонавий билимлар билан қуролланган ёшларнинг юқори малакали кадрлар бўлиб қайтиши халқимиз ва мамлакатимизнинг кейинги тақдирига катта таъсир ўтказиши мумкин эди. Аммо Ватанимизнинг ривожланиб кетишини истамаган мустабид тузум маъмурлари бунга йўл бермади.




Дастлаб минтақа тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган бу ёшларнинг ўқишларини битирмай қайтиши талаб этилди, қайтганларини эса 1930-1937 йилларда немис шпионлари ва миллатчи деб турли баҳоналар билан отиб ташлашди.
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, шу вақтгача Туркистондан ва Бухородан Германияга ўқишга юборилганлар сони 70 га яқин, деб келинарди ва шулардан фақатгина 10 дан ошиғи тўғрисида маълумотлар бор эди. Сўнгги йилларда олиб борилган илмий тадқиқот ва изланишлар натижасида Германияга ўқишга юборилган талабаларнинг сони 100 нафардан ошиқ бўлгани ва уларнинг ҳамон тарих фани учун номаълум бўлиб қолаётган фаолиятларини ўрганишда бир қатор янгиликлар қўлга киритилмоқда.


Ана шундайлардан бири Муҳаммаджон Авазжонов эди. Муҳаммаджон Авазжонов 1905 йил Бухоро шаҳрида зиёли оиласида туғилган. Муҳаммаджоннинг отаси ўз даврининг йирик савдогарларидан бири бўлган. 17 яшар Муҳаммаджон 1922 йилнинг 4 сентябрида Бухоро ҳукумати томонидан бошқа ёшлар қатори Германияга ўқишга юборилади.
Ёш Муҳаммаджон Исомиддинов дастлаб Германиянинг Кёслинг шаҳрида педагогика мактабида таҳсил олади. Шу ерда тил ўрганади ва ўрта махсус шаҳодатномани қўлга киритгач, яна бир ватандоши Исомиддин Аловуддинов билан Коттибус шаҳридаги тўқимачилик ҳунар-техника олий мактабига ўқишга киради. Улар олий мактабда илмий-назарий билимлар билан бир пайтда бу ҳунар юзасидан мукаммал амалий кўникма ва малакаларни ҳам ҳосил қилади. Бир пайтлар Кўҳна Бухородан европача илму ҳунар олиш мақсадида Германияга йўл олган, Германияда олий маълумотли инжинер тўқимачи дипломига эга бўлган бу ёшлар 1928 йилда ўз юртларига ёруғ юз билан қайтади.



Муҳаммаджон Авазжонов Германиядан қайтганидан сўнг, Фарғона тўқимачилик комбинатида инжинер сифатида фаолият олиб боради. Ўзбекистоннинг енгил саноати тараққиёти учун хизмат қилади. Бунда унинг билими, иқтидори, чет элда ўқиб ўша пайт учун юқори техника воситаларини ўзлаштиргани қўл келади. Аммо Германияда ўтказган болалиги, немис тилини мукаммал билиши ва технологияларни пухта ўзлаштиргани охири Муҳаммаджон Авазжонов ҳаётидаги ютуқ эмас, балки қора тамғага айланади.
1938 йил 9 октябрда унинг фаолиятига ҳам раҳна солинади ва у исботланмаган гумон билан қамоққа олинади. Унинг уйи – комбинатга қарашли умумий ётоқхонадаги унга тегишли хона тинтув қилиниб, бор мол-мулки – тегишли ҳужжатлар, паспорти, оилавий суратлари, китоб, хатлари, ҳатто, шахсий буюмлари, хўжалик анжомларигача хатлаб олинади. Улар гўёки тинтув чоғида жиноят далиллари сифатида баҳоланади ва ҳаммаси давлат фойдасига талон-тарож қилинади. Ўзи эса энг олий жазо отувга ҳукм этилади.


1957 йил 23 сентябрь куни Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан Муҳаммаджон Авазжонов оқланади. Унинг укаси Раҳматжон Авазжоновнинг ҳам қисмати жуда аянчли кечади. Акаси сингари илм ва тил ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш мақсадида Раҳмат Авазжонов Германияга йўл олади. 1922-1928 йиллар мобайнида Зарау шаҳридаги Прусс тўқимачилик ҳунар-техника олий мактабида таълим олади. Ватанга қайтиб, дастлаб Москвада “Эркин меҳнат” тўқимачилик фабрикасида ишлайди. 1930-35 йилларда Москвадаги Бутуниттифоқ саноат мўйна уюшмаси (Союзмехпром) лабораториясида меҳнат қилади. Соҳа раҳбарияти томонидан унинг билими, иқтидори, чет элда ўқиб, ўша пайт учун юқори технологияларни пухта ўзлаштиргани учун 1936 йилдаёқ Тошкентдаги тўқимачилик комбинатига ишга таклиф қилишади. У ўз фаолиятини шу ерда давом эттиради ва комбинат қошидаги ўқув ишлаб чиқариш корхонасида ўқитувчилик қилиб, кадрлар тайёрлаш ишига ҳам катта ҳисса қўшади. Бироқ у 1937 йил 4 сентябрда исботланмаган, гумон ва бўҳтонлардан иборат айблов билан қамоққа олинган. 1938 йил 9 октябрда отувга ҳукм этилади. Раҳматжон Авазжонов 1957 йил 20 сентябрда тўла оқланади.
Тадбирда Муҳаммаджон ва Раҳматжон Авазжоновларнинг халқ ҳаётини яхшилаш, илм-фан ва саноатни ривожлантириш йўлидаги жасорати хотирланди. Ҳокимлик томонидан байрам совғалари топширилди. Мактаб ўқувчилари томонидан эрку истиқлолни, осойишта ҳаётни мадҳ этувчи шеърлардан ёд айтилди.

Мулоқот чоғида вилоят раҳбари вилоятдаги қатағон қурбонларининг жасорати, уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ҳар биримиз учун ибрат намунаси эканлигини, шу боис уларнинг маърифатли жамият қуриш борасидаги буюк хизматларини маҳаллаларда, таълим масканларида кенг тарғиб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Хонадон соҳиблари аждодларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдорликларини билдиришди.
Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида жасорат кўрсатган қатағон қурбонларининг авлодлари истиқомат қилаётган хонадонларда ўтказилаётган бу каби тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА