Азамат Сулиманов: минтақавий ўзига хослик — глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиёнинг стратегик ресурси
Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 4–5 ноябрь кунлари “Глобал трансформация ва минтақавий динамика: шаклланаётган халқаро тартиботда Марказий Осиё” мавзусида Think Road Forum 2026 халқаро форуми бўлиб ўтди.
Форум Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Венгрия, Австралия ва бошқа давлатлардан сиёсатчилар, дипломатлар, етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ва экспертлари, университетлар ҳамда илмий-тадқиқот институтлари вакилларини бирлаштирди.
Муҳокамаларда Оксфорд университети, Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти, АҚШнинг Миллий манфаатлар маркази, Шанхай халқаро тадқиқотлар институти, Европа университети институти, шунингдек, Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ҳамда БМТ тизимидаги тузилмалар вакиллари иштирок этди.
Форум кун тартибидан минтақавий хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик, Марказий Осиёнинг жаҳондаги етакчи марказлар билан муносабатлари, иқлим, сув ва энергетика, рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект масалалари ўрин олди.
Муҳокамаларда жаҳон тизимидаги беқарорлик ортиб, геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат кучайиб бораётган шароитда минтақаларнинг мустақил ва барқарор тараққиёт маконлари сифатидаги аҳамияти ошаётгани муҳим хулосалардан бири бўлди. Ички барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, умумий хавф-хатарларга биргаликда жавоб бериш ва ўзаро боғлиқликни тараққиёт манбаига айлантиришга қодир минтақаларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликка масъулият билан ёндашиш намунаси сифатида тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўзаро ишончни сезиларли даражада мустаҳкамлади, йиллар давомида тўпланиб қолган кўплаб зиддиятларни бартараф этди, сиёсий мулоқотни кенгайтирди ҳамда савдо, транспорт, сув, энергетика, экология ва хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал этишга ўтди. Натижада минтақа босқичма-босқич биргаликдаги тараққиёт маконига айланмоқда. Бу жараёнда ҳар бир мамлакатнинг барқарорлиги қўшни давлатларнинг фаровонлиги билан тобора чамбарчас боғланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) бўлим бошлиғи Азамат Сулиманов ўз маърузасида айнан шу фикрни ривожлантирди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Минтақавий ҳамкорлик орқали барқарорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги сессияда сўзга чиқиб, у Марказий Осиёдаги минтақавий яқинлашув жараёнлари сифат жиҳатидан янги мазмун касб этаётганини таъкидлади.

Эксперт “Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги: умумий меросдан умумий келажак сари” мавзусидаги маърузасида яхши қўшничиликнинг мустаҳкамланиши, савдо-иқтисодий, транспорт ва гуманитар алоқаларнинг кенгайиши ҳамда сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви умумий манфаатлар ва узоқ муддатли мақсадларга асосланган минтақавий ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаётганини қайд этди.
“Бугун ҳамкорлик механизмлари муҳокамасидан янада туб масалаларга ўтиш муҳим: бизни нима бирлаштиради, минтақанинг умумий келажагини қандай тасаввур қиламиз ва эришилган сиёсий яқинлашувнинг жамиятдаги таянчини қандай мустаҳкамлаш мумкин?” — дея таъкидлади А. Сулиманов.
Шу нуқтаи назардан, СМТИ вакили минтақавий ўзига хосликни шакллантиришни Марказий Осиёнинг келгуси тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан бири сифатида кўрсатди.
Унинг сўзларига кўра, минтақавий ўзига хосликка фақат ташқи муҳитдаги ўзгаришларга жавоб ёки ташқи таҳдидлар қаршисида минтақа барқарорлигини ошириш воситаси сифатида қараш тўғри эмас. Унинг аҳамияти анча кенг. У Марказий Осиёнинг ички салоҳиятини рўёбга чиқариш, ресурсларини сафарбар этиш ҳамда тараққиётнинг умумий вазифаларини ҳал қилиш йўлида давлатлар ва жамиятларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим омил бўлиши мумкин.
Айни пайтда халқаро тартибот ўзгариб, етакчи куч марказлари ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган шароитда минтақаларнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини мустақил белгилаши, ички жипсликни мустаҳкамлаши ва умумий хавф-хатарларга нисбатан келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиши алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу тариқа, минтақавий ўзига хослик бир вақтнинг ўзида ички тараққиёт манбаи ва ташқи хавф-хатарлар шароитида барқарорликни таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади. Бу Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги мустақил субъект сифатидаги ўрнини ҳамда ўз келажагига оид кун тартибини мустақил шакллантириш салоҳиятини мустаҳкамлайди.
А. Сулимановнинг фикрича, бундай ўзига хосликнинг асосини ўзаро боғлиқ уч унсур — умумий тарихий-маданий мерос, бугунги ҳамкорлик жараёнида тўпланган тажриба ва минтақа келажагига муштарак қараш ташкил этади.
Бунда минтақавий ўзига хослик ким томонидан ва қандай шакллантирилиши кераклиги ҳақидаги масала принципиал аҳамиятга эга.
Эксперт ушбу жараён, аввало, Марказий Осиё давлатлари ва жамиятларининг ўзи томонидан амалга оширилиши, бунда миллий манфаатлар, тарихий тажриба, маданий хилма-хиллик ва жамиятларнинг интилишлари ҳисобга олиниши лозимлигини таъкидлади.
“Минтақавий ўзига хосликни ташқаридан олиб кириш ёки тайёр универсал модель асосида шакллантириш мумкин эмас. Унинг мазмунини давлатлар, экспертлар ва академик доиралар, фуқаролик жамияти ҳамда ёшлар ўртасидаги мулоқот орқали минтақа мамлакатларининг ўзи белгилаши лозим”, — деди у.
Шу билан бирга, бу халқаро тажрибадан четлашишни англатмайди. Минтақавий ҳамкорлик моделларини ўрганиш ўзига хос жиҳатлар ва мустақил танловни сақлаб қолган ҳолда фойдали сабоқлар олиш имконини беради.
Ушбу жараённинг асосий мақсади минтақа мамлакатларининг Марказий Осиёнинг умумий келажаги ҳақидаги ўз қарашларини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим. Бу қарашлар ўзаро ҳурмат, ишонч, яхши қўшничилик ва умумий манфаатларни англашга таяниши керак.
А. Сулиманов минтақавий ўзига хослик миллий ўзликнинг ўрнини эгалламаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади. Аксинча, Марказий Осиёга мансублик ва унинг келажаги учун масъулиятни англаш миллий ўзига хосликни тўлдириб, минтақа халқлари ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаши мумкин.
Эксперт СМТИ томонидан “PeaceNexus” халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепциясини ишлаб чиқиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Унинг маълум қилишича, ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси тайёрланган ва Тошкент, Фарғона ҳамда Бишкек шаҳарларида қатор эксперт муҳокамаларидан ўтказилган.
Бунда гап миллий тузилмалардан устун турадиган янги тузилмалар яратиш ҳақида эмас, балки мавжуд тарихий ва маданий муштаракликни англаш, дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг ижтимоий асосини янада мустаҳкамлаш ҳақида бормоқда.
А. Сулиманов ушбу ишларнинг амалий йўналишлари сифатида ёшлар ўртасидаги ва таълим соҳасидаги алмашинувларни кенгайтириш, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантириш, мазкур жараёнга хотин-қизлар, касбий ҳамжамиятлар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш, шунингдек, умумий ахборот маконини ривожлантиришни кўрсатди.

Унинг фикрича, Концепцияни Марказий Осиёнинг барча давлатлари иштирокида яратиладиган, умумий манфаатлар, миллий устувор йўналишлар ва минтақа халқларининг узоқ муддатли интилишларини акс эттирувчи қўшма интеллектуал маҳсулотга айлантириш алоҳида аҳамиятга эга.
Сўзининг якунида СМТИ вакили минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш Марказий Осиё салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янада мустаҳкам асос яратиши мумкинлигини қайд этди.
“Бундай ўзига хослик мамлакатларимизнинг бир-биридан фарқли жиҳатларини йўққа чиқармайди. Аксинча, уларга ўзига хослиги ва мустақиллигини сақлаган ҳолда янада ишонч билан ривожланиш, самаралироқ ҳамкорлик қилиш, умумий вазифаларни ҳал этиш учун имкониятларини бирлаштириш ҳамда Марказий Осиё келажагини биргаликда шакллантириш имконини беради”.
ЎзА