"Ижодга ва ижодкорга муносиб ёндашиш даври келди" – Жаҳонгир Аҳмедов
Инсон тақдири кутилмаган ҳодисаларга бой. Унда ютуқлар-у йўқотишлар, тушкунлик ва зафарли онлар акс этади, ҳиссиётлар жўш уради. Кези келганда, одамзод суянчиққа, маънавий кўмакка муҳтожлик сезади. Буларнинг барини эса санъат ва ижод маҳсули таъминлашга қодир. Биргина куй, бир мисра шеър ёки тўғри йўл кўрсатувчи фильм инсоннинг ҳаётга бўлган ёндашувини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Тинчлик-хотиржамлик ва саломатлик қадри, фаровон юртга шукроналик туйғулари ҳам аслида кино санъати орқали қалбимизга янада теранроқ сингади.
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм” киностудиясига ташриф буюриб, кинематография соҳаси ходимлари билан учрашди ҳамда ижодий муҳит ва жараёнлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича очиқ мулоқот қилди. Ушбу ташрифдан сўнг Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов билан суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбари “Бугун ҳарбий соҳага катта эътибор қаратяпмиз, хавфсизлик масаласини жиддий ўйлаяпмиз. Лекин фарзандларимизнинг мафкураси ва ғоясини ким, қандай шакллантиради ва ҳимоя қилади?!” дея алоҳида таъкидладилар, – деди Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов. – Эндиликда бу саволга кино ва киноижодкорлар орқали жавоб топадиган бўлдик
Президентимиз киноижодкорлар билан кечган очиқ мулоқотда Кинематография агентлиги маъмурий бошқарув сифатида тугатилиши, унинг ўрнига “Ўзбекфильм” миллий кинокомпанияси шаклида бизнес-модель ташкил этилишини маълум қилдилар. Яъни, бундан буён давлатнинг ўзи фильм суратга олмайди – ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ хусусий сектор қўлига ўтади.
Шу ўринда кинотанқидчиларининг фикри инобатга олинмай қўйилгани ҳам долзарб масалага айланган эди. Кинони таҳлил қилиш ва унга санъат сифатида баҳо бериш номутахассислар қўлида қолиб кетганди. Давлатимиз раҳбари ушбу муаммога тўхталар экан: “Кинотанқидчилар клубини ташкил этамиз, буни молиявий қўллаб-қувватлаймиз ва уларни Халқаро кинотанқидчилар уюшмасига аъзо қиламиз”, дея таъкидладилар. Шунингдек, учрашувда “Ўзбекфильм”нинг 10 гектарлик ҳудудида киношаҳарча бунёд этилиши ҳақида ҳам сўз борди. Бу хориж лойиҳаларини Ўзбекистонга жалб қилишнинг энг асосий омилларидан бири саналади.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини ижодкорлар ҳаммадан кўра яхшироқ ҳис қилади. Президентимиз ижодга қурилиш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш каби техник топшириқлар асосида ёндашиб бўлмаслигига алоҳида урғу бердилар. Дарҳақиқат, кино – илҳом билан боғлиқ соҳа, илҳом эса фантазия ва тафаккурдан куч олади. Очиғи, ижодга ва ижодкорга муносиб ёндашиш даври келди. Давлатимиз раҳбари ижод жараёнида давлат буюртмачи эмас, балки ҳамкор бўлиши, хусусий студияларни субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаши зарурлигига оид янги тамойилни илгари сурди. Бу биз учун туб бурилишдир. Мамлакатимизда сўз ва ҳаракат эркинлиги йўналишида катта ислоҳотлар қилинди, эндиликда ижод эркинлиги учун ҳам кенг имкониятлар эшиги очилди. Бу – ижодкорлар бундан буёғига ҳеч қандай маъмурий аралашувларсиз, эркин ижод қилиши мумкин деганидир. Аслида энг тўғри йўл ҳам мана шу.
Фильмларга, шубҳасиз, биринчи навбатда томошабин баҳо бериши керак. Ижтимоий тармоқлар ривожлангани сабабли одамлар кинотеатрларга келмай қўйди, деган фикр аслида ноўрин. Ахир хориж фильмлари катта экранларда томоша қилиняпти-ку! Унда нега миллий фильмларимизни кинотеатрларда кўрмаяпмиз? Президентимиз учрашувда айнан мана шу оғриқли масалани ҳам ўртага ташладилар. Мен хусусий киностудияда фильмлар яратиб келаётган ижодкор сифатида доим шу ҳақда ўйлардим. Томошабинларимиз хоҳ кинотеатрда, хоҳ оила даврасида ёки турли онлайн платформаларда бўлсин, меҳр ва қизиқиш билан кўрадиган сифатли асарлар яратишимиз шарт.
Бугунги кунда студиямиз томонидан буюк мутафаккир Ибн Синонинг болалик йилларига бағишланган тарихий фильм суратга олиняпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу лойиҳа учун махсус ижодий марказ ташкил этилди. Бу, бўлажак киношаҳарчанинг илк қадамидир. У ердаги декорацияларни бир неча йил давомида хизмат қилиши учун жуда сифатли ва пухта бунёд этяпмиз. Ниятимиз, мазкур 10 гектарлик ҳудудни фильмдан фильмга янги давр декорациялари билан бойитиб бориш. Натижада бу маскан ўзига хос очиқ осмон остидаги музейга айланади. Бу ерга аҳоли оилавий ташриф буюриб, ҳордиқ чиқариши, суратга тушиши, ҳатто суратга олиш майдончасида ижодкорлар ва актёрлар билан бевосита мулоқот қилиши учун кенг имкониятлар яратилади.
Маълумот учун: Президентимизнинг топшириғига мувофиқ, Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатиш ҳамда соҳа бошқарувини Маданият вазирлигига ўтказиш бўйича зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар бошланган. Янги тузилмалар тўлиқ шакллантирилгандан сўнг агентлик ўз фаолиятини якунлайди.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА