“Айритом”да янги порт назорати гуруҳи ташкил этилди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида янги “Порт назорати гуруҳи” иш бошлади.
БМТ наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерлар ташишни назорат қилиш глобал дастури доирасида барпо этилган “Порт назорати гуруҳи”нинг очилиш маросимида сўнгги йилларда мамлакатимизда чегара божхона постларини замонавий усулда жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
“Порт назорат гуруҳи”ларининг асосий вазифалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хавфларни бошқаришни яхшилашга интилаётган мамлакатларда чегара назорати салоҳиятни ошириш, таъминот занжири хавфсизлиги ва денгиз портлари, аэропортлар, қуруқликдаги чегара ўтиш жойларида ноқонуний товарларнинг трансчегаравий ҳаракатланишининг олдини олиш ҳамда ташқи савдони енгиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди. Гуруҳнинг келгусида кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари назорати самарадорлигини янада ошириш, трансчегаравий жиноятларнинг олдини олиш ҳамда хавфсизликни таъминлашига ишонч билдирилди.
“Айритом” чегара божхона постида ташкил этилган “Порт назорати гуруҳи”га янги компьютерлар ва унинг қўшимча жиҳозлари, узунликни, ҳажмни аниқловчи асбоблар, алоқа ускуналари, божхона назорати учун зарур бошқа замонавий воситалар ўрнатилди. Жаҳон божхона ташкилотининг “Container Comm” хавфсиз алоқа тизимига уланди. Бу тизим 70 та давлатдаги порт назорати гуруҳлари билан хавфларни бошқариш йўналишида реал вақт ичида маълумот алмашишни таъминлайди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти янги гуруҳда хизмат олиб бораётган божхона ходимлари учун махсус курс ташкил этиб, уларнинг малака ва касбий маҳоратини оширмоқда.
“Айритом” чегара божхона пости Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ягона назорат-ўтказиш пункти бўлиб, темир йўл вагонлари, транспорт воситалари, шунингдек, фуқароларга хизмат кўрсатади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири