Аёллари эъзозланган юрт обод ва фаровон бўлади
Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.
Гендер тенглик масаласига оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда қулай муҳит яратган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишни кучайтирди.
Мазкур қонунга кўра, аёллар жамиятда ҳеч қандай тазйиқ ва зўравонликларга учрашига, жинсий камситилишига йўл қўйилмайди. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши қатъий назорат остига олиниб, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун кўмак берилади. Бу норма хотин-қизлар ҳар қандай кўринишдаги камситилиш ва тазйиқлардан холи эканини тасдиқлайди. Мамлакатимизда ушбу қонун қабул қилингунга қадар аёлларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ишларда иштироки нисбатан кам фоизни ташкил этган бўлса, эндиликда аёллар эркаклар билан бошқарув ишларида тенг қатнашиш ҳуқуқига эга экани кафолатлаб қўйилди. Чуқур билим ва салоҳиятга эга, дунёқараши кенг аёллар ҳамиша жамият тараққиётида алоҳида ўринга эга бўлган. Шу боис хотин-қизларнинг таълим олиши учун катта имконият яратилди.
Олий Мажлис Сенатининг қарори билан Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилиниб, қишлоқ жойларда қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби муҳим масалаларни ўз ичига олгани ҳам хотин-қизларнинг фахр-ифтихор туйғусини юксалтирди. Қонунийлик, демократия, очиқлик ва ошкоралик гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойили этиб, белгиланди. Шу ўринда айтиш керакки, меҳнат қонунчилигимизда ҳам аёлларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилган. Жумладан, ҳомиладорлиги ёки 3 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этишнинг сабабларини ёзма тарзда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги иш жойларида ўртача ойлик иш ҳақлари сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб этишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади. Иш вақтининг қисқартирилган муддати даврида ушбу аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш кунига тўланадиган иш ҳақи миқдорида маош олишлари таъминланади. Ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунига қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланган ҳолда ойига қўшимча бир кун дам олиш куни берилиши ҳам қонун билан белгилаб қўйилган.
Миллий қонунчилигимизда акс этган бундай имтиёз ва кафолатлар хотин-қизларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги фаоллигини янада оширишга, аёлларнинг оиласига кўпроқ вақт ажратиб, бола тарбиясига эътиборни кучайтириши учун қулай шароит яратиш ва жамиятимиз пойдевори бўлган оилани мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Дилором Алмуратова,
Сурхондарё вилоят суди судьяси