Аёллар мавсумда жонбозлик кўрсатмоқда
Сирдарёлик пиллакор аёллар бу йил ҳам кўзланган маррани катта олиб, ҳар қутидан 60 килограммдан ҳосил мўлжаллашмоқда. Бу йил Фарғона тажрибаси асосида меҳнат қилинмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятдаги 3279 хонадонда 12891 қути ипак қурти парваришланмоқда. Бу йил ҳам касаначилар, пиллачилик уй хўжаликлари ҳамда фермер хўжаликларига ипак қурти, унинг парвариши билан боғлиқ ресурслар пиллачилик кластери томонидан бепул берилди. Вилоятда ягона “Агроглобал” пиллачилик кластери фаолият юритмоқда. 2576 та фермер хўжалиги билан шартномалар имзоланган.

–Ипак қуртини боқиш оила даромадини оширади,–дейди сайхунободлик тажрибали пиллакор Қуралой Деҳқонова. – Тўғри, меҳнати қийин, лекин натижаси яхши. Қиз-келинлар, оила аъзоларимиз билан ҳар йили ҳаракат қилиб ёмон бўлмаяпмиз.
10 нафар ишсиз аёлни ёнига олиб, уларга устозлик қилаётган пиллакор қисқа мавсумда бир йиллик даромадга эга бўлиш сирларини ўргатаяпти.

Шу кунларда Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин туманлари пиллакорлари парваришлаётган ипак қуртларининг олди катта даҳага кирди. Бу дегани ҳадемай улар парваришланаётган сўриларда оппоқ толалар пайдо бўлади, терим бошланади.
Боёвутлик Қумрихон Раҳмонова 57 йилдан буён пиллачилик билан шуғулланиб келади.

–Пилла етти хазинанинг бири,–дейди онахон,– Ундан олаётган даромадимиз орқасидан ўғил-қизларимизни ўқитдик, рўзғоримизда доимо барака бор. Эндиликда ипак қурти етиштириш билан шуғулланаяпман. Бу йил инкубаторимизда 100 қути ипак қурти уруғи етиштириб, тарқатдик.

Тажрибали пиллакор соҳанинг афзалликларини ишсиз аёлларга эринмай тушунтиради. Меҳнатига муносиб ҳақ тўланаётгани, моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлга қўйилгани, бир ойлик меҳнати бир йиллик меҳнат стажи ҳисобланишини бирма-бир айтади. Шунданми, боёвутлик пиллакорлар сафи кенгайгандан кенгаймоқда.

Пиллачилик, деганда уни ривожлантиришга, катта хирмон уюшга ҳисса қўшиш учун куну тунларини бедор ўтказаётган опа-сингилларимиз кўз олдимизга келади. Уларнинг меҳри, қўллари тафти билан ипак толалар жилолана бошлайди. Сирдарёда режа қилинган 761 тонналик “кумуш тола” хирмонини забт этишга интилаётган фидойи опа-сингилларимизга “ҳорманг, хирмонингизга барака” деймиз.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири