"Аёллар дафтари"да турганларга ёрдам кўрсатилди
Боёвут туманида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ижтимоий – ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида куни кеча тикувчилик, умумий овқатланиш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган 7 нафар "Аёллар дафтари"да турган аёлга 56 миллион 500 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағи ҳисобидан тикув машинаси, оверлок, газ плита, музлаткич, гўшт қиймалагич, миксер тақдим этилди.

–Бу борадаги ишлар йил давомида амалга оширилди. Бунинг натижасида ишсиз ва даромадсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларимиз ҳам ишли, ҳам даромадли бўляпти. Эркак кишига нисбатан аёл киши кўп вақтини уйда ўтказади. Бундай вақтларда фойдали иш билан шуғулланиш оиланинг даромади ортишига, энг асосийси, бўш вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам беради. Оила рисоладагидек бўлса, эркак ўз иши, аёл ўзи қизиққан фойдали касб билан шуғулланади. Ана шунда муаммоларга ўз-ўзидан ечим топилиб, оилаларда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сўради,–деди Боёвут туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Меҳринисо Эшонхонова.

Туманда "Аёллар дафтари"да турган, субсидия маблағи ҳисобидан ўз бизнесини йўлга қўйган ва даромад топаётган аёллар кўп. Улар инсон қадри улуғланаётган юртда яшаётганидан, кўрсатилаётган эътибордан мамнун.

Бундан ташқари, туманда ишсиз хотин-қизлар ва уларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш мақсадида маълумотлар базаси юритилиб, уларга қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича ёрдам кўрсатиляпти.
–Кўпдан буён тикувчилик йўналишида ўз фаолиятимни йўлга қўйишни режа қилардим. Аммо тикув машинаси, оверлок, дазмол ололмаётгандим. Куни кеча бу орзумга эришдим. Туман ҳокимлиги оила ва хотин қизлар бўлими томонидан ўзим истаганимдан-да яхшироқ, замонавий тикув машинаси, оверлок ва дазмол беришди. Бу эса, қўшимча даромад топишимда, тикувчилик йўналишида ўз бизнесимни йўлга қўйишда қўл келади,–дейди Санобар Насимова.
– Аёлнинг ҳаётдан кўнгли тўлса, хонадони фариштали, фарзандлари бахтиёр бўлади, эртанги кунга ишонч ортади,–дейди ҳоким ўринбосари Меҳринисо Эшонхонова. – Шундай экан, мавжуд муаммоларни ўрганиш, белгиланган вазифаларни бажариш давом этаверади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири