“Аёллар дафтари”– хотин-қизлар муаммосининг муҳим ечими
Андижон вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, якунланган 2022 йилда дафтарга киритилган 63 минг нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилди. Жорий йилда эса тўртинчи босқич “Аёллар дафтари”га 91 минг нафар аёлни киритиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш белгилаб олинган. Айни кунда тўртинчи босқич “Аёллар дафтари” рўйхатини шакллантириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жалақудуқ тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ходимлари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриб, ўттиз ёшдан юқори бўлган барча аёллар рўйхатга олинмоқда. Уларни қийнаётган муаммолар аниқланмоқда, қизиқиш ва имкониятлари ўрганилмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, рўйхатга олинаётган опа-сингилларимиз турли йўналиш ва тоифаларга ажратилмоқда.
– “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, умуман, фаолиятимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ажримларнинг олдини олиш, низоли оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этиш, айниқса, хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилноза Мўминова. – Бунда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, ташкил этилган “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда зарур барча ишлар олиб борилади. Оилаларимизнинг тинч ва фаровон бўлиши, хотин-қизларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Рўйхатга олиш жараёнида хотин-қизларга об-ҳаво ўта совуқ бўлаётган шу кунларда яшаш хоналарини иссиқ сақлаш, кўмир ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ёш болаларни совуқ ҳавода кўп юришига йўл қўймаслик юзасидан ҳам тушунтириш ва тавсиялар берилмоқда. Айни кунларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тўртинчи босқич аёллар дафтарини шакллантириш бўйича ишлар қизғин давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА