“Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”даги аёлларнинг бандлиги таъминланмоқда
Қарор ва ижро
Бухоро вилоятининг чекка тумани Олотда тадбиркор Дилноза Сайлиева маҳаллада “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалардан тикувчиликка уқуви бўлган 20 дан зиёд аёлни саралади.
Ўзи истиқомат қилаётган Жайхунобод маҳалласи фаоллари билан келишиб ҳудуддаги 9-сон умумтаълим мактабида бўш турган бинодан алоҳида хона олади. Унда “Zebuniso kids” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. 20 тага яқин замонавий русумдаги “Jack” тикув машинаси ва матога безак берувчи “оверло” ҳамда бошқа ускуналарни харид қилиб, болалар учун тикув-трикотаж маҳсулотларини тикиб тайёрлашни йўлга қўйди.
Тадбиркор аёлнинг бу лойиҳаси Президентимизнинг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 50 миллион сўм миқдоридаги грантга лойиқ топилган. Айни кунда цехда 20 нафардан ортиқ ишчи-чевар банд қилиниб, тикувчилар билан бирга бичувчи, дазмолчи, қадоқловчилар ҳам ишли бўлган.
“Zebuniso kids” ёрлиғи билан тайёрланаётган кийим-кечак маҳсулоти туман, вилоят бозорларида сотилмоқда. Буюртма асосида ҳам тикиб тайёрланаётган сифатли маҳсулотлар ўз вақтида мижозларига етказилмоқда. Қолаверса, тайёр маҳсулотнинг бир қисми пойтахт бозорларигача жўнатилиб, моддий даромад келтирмоқда.
– Тикув цехимизда иш вақтига қараб шарт-шароит яратилган, – дейди цех иш бошқарувчиси Қурбонгул Ўринова. – Чеварларга ҳар ойда 2 миллион сўмдан ошириб маош берилмоқда, иссиқ овқат шу ернинг ўзида тайёрланади. Ҳалол меҳнатимиз ҳисобидан даромад топиб, рўзғоримиз эҳтиёжларини қондирмоқдамиз.
[gallery-15747]
Бундан ташқари, туманнинг “Шайхлар” маҳалла фуқаролар йиғинида 2020 йилда иш бошлаган “Orlot tex fayz” масъулияти чекланган жамияти тикувчилик фабрикаси цехида умумий қиймати 300 миллион сўм бўлган сўнгги русумдаги тикув машиналари ҳамда бошқа зарур жиҳозлар келтириб ўрнатилган.
Фаррух Асқаров бошчилик қилиб келаётган корхонага юқоридаги каби маҳаллада “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 25 нафар хотин-қиз аввалига тикувчилик сирларини ўқув марказларида ўрганиб, сўнгра малакали тикувчилар сифатида ишга қабул қилинган.
Бугунги кунга келиб бу тикув цехида мавсумга қараб 10 турдан ортиқ эркаклар ва аёллар кийими тикиб тайёрланмоқда. Айни пайтда корхонада 25 нафар малакали тикувчи томонидан кунига 40 донадан зиёд тайёр қишки эркаклар курткалари ишлаб чиқарилмоқда.
– Дастлаб 4-5 дона тикув машинкасида буюртма асосида тикиш ишларини йўлга қўйган бўлсак, аста-секин маҳсулотимизга талаб оша бошлаганини сезиб, зарур асбоб-ускуналарни харид қилишга тушганмиз, – дейди корхона раҳбари Фаррух Асқаров. – Ҳозир 40 дан ортиқ замонавий русумдаги тикув ва тўқув дастгоҳига эгамиз. Эркаклар ва аёллар кийимларининг 10 дан зиёд турини ишлаб чиқаришга имкониятимиз етарли. Шу боис, жамоамиз билан маслаҳатлашиб харидорбоп эркаклар курткалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳсулотимиз бозори яхши, кунига ўртача 40 донагача, ойига 1 минг 100 дан ортиқ тайёр кийимни тикиб тайёрлаб, харидорга сотишни уддалаяпмиз. Албатта, бундан етарлича даромадга ҳам эга бўлмоқдамиз.
Хусусий корхона келгусида Хитой давлатидан қиймати 200 миллион сўмдан ошиқ эркаклар кийимларини тўқишга мўлжалланган асбоб-ускуналарни келтириш борасида иш олиб бормоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов(сурат), ЎзА мухбирлари