Аёллар бандлиги энг муҳим вазифа
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёллар фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, Қибрай туманида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида жами 1 миллиард 547 миллион 415 минг 244 сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, “Aёллар дафтари” га киритилган тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга эса турли соҳаларда қўлланиладиган меҳнат қуроллари ва зарур ускуналарни харид қилиш учун 140 миллион сўмгача субсидия ажратилди.
[gallery-11941]
Шу ишларни ўрганиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан журналистлар учун ҳудудда пресс-тур ташкил этилди. Илк манзил LED лампалар ва қандиллар ишлаб чиқарувчи “Miss lighting” корхонаси бўлди. Корхона раҳбари Умида Раҳмонованинг айтишича, 2019 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бу ерда юзта иш ўрни яратган бўлиб, уларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этади. Корхонада 36 турдан зиёд LED лампалар ишлаб чиқарилади. 2022 йили Хитойдан инвестиция жалб қилиш эвазига 500 минг долларлик янги ускуналар олиб келиниб, ҳозирда 200 хилдан ортиқ қандил ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Маҳсулотларга талаблар ортиб бормоқда. Ички бозордан ташқари Европа давлатлари, АҚШ ва Дубайдан ҳам маҳсулот учун таклифлар кўпаймоқда. 2022 йил корхона 2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлади. Ҳозирги пайтда махаллий мутахассислар тажрибасини ошириш борасида ишлар олиб бориляпти.
Навбатдаги манзил “Янгиобод” маҳалласида жойлашган “Канишка” корхонасида бўлди. У ерда чаримдан турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 11 миллиард сўмни ташкил этади. Бу ерда 70 нафардан ортиқ маҳаллада яшовчи йигит-қизлар доимий иш билан таъминланган. Амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар натижасида янги иш ўринлар сони 120 тага етказиш режалаштирилган. Мазкур корхона йилига 2 миллион дона чарм куртка, сумка ва ҳамёнлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхона келгусида ўз маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилишни режалаштирган.
А.МУСАЕВ, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.