Аёлга қилинган зулм келажакка қилинган хиёнат
Юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва оилавий муаммолар, турли хил зўравонликка дуч келган хотин-қизларни руҳий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, қийин аҳволда қолган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари очилди.
Шу кунларда эса барча ҳудудларда “16 кун зўравонликсиз!” акцияси ўтказилмоқда.
Акция доирасида конференция, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, кўрик-танловлар, учрашувлар ташкил этилмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар билан ишлаш мақсадида 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази ва жойларда 28 та ҳудудий, туманлараро намунали марказлар ташкил этилди.
Ушбу марказлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатади.
Марказда зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари, ўз жонига суиқасд қилган ёки мойиллиги бўлган хотин-қизлар вақтинча жойлаштирилади.
2022 йилда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Навоий вилоят ҳудудий бўлимига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар томонидан 589 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар таҳлил этилганида, уларнинг 243 таси жисмоний зўравонлик, 31 нафари жинсий зўравонлик, 108 нафари иқтисодий, 196 нафари руҳий зўравонлик қурбони бўлган.
Содир этилган зўравонликларнинг 397 таси оилада эр-хотин, қайнона-келин, ота-оналар ва фарзандлар ўртасида, 12 таси иш берувчи ва ходим ўртасида, қолганлари жамоат жойларида содир этилган.
Ҳудудий ва туманлараро марказларнинг вақтинчалик ётоқхонасига 128 нафар зўравонликдан жабр кўрган аёллар ва уларнинг фарзандлари жойлаштирилган. Ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган 5 нафар аёлга алоҳида психологик ва тиббий ёрдамлар кўрсатилиб, доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилган.
Ҳар бир аёл маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечириши керак. Шунда оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон бўлиб вояга етади.
Гулнафис Худойбердиева,
Навоий вилоят суди судьяси.
ЎзА