Аёл – жамиятнинг фаол аъзоси (+видео)
Аёл деганда даставвал кўз олдимизда онамиз, синглимиз, оиламизнинг фариштаси, саранжом-саришта уй бекаси гавдаланади.
Гарчи аёлни заифа атасак-да, оиланинг оғир юкини кўтара олишга қодирлигини барчамиз бирдек эътироф этамиз.
Бугунги кунда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети меҳнат жамоасининг 250 нафардан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Педагогларнинг эса 60 нафари аёл профессор- ўқитувчи бўлиб, олий таълим даргоҳида 2 нафар фан доктори ҳамда 30 нафарга яқин фалсафа доктори илмий даражасига эга олима самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Гулруҳ Ҳайдарова Кимёвий технология кафедрасида фаолият юритиш баробарида таянч докторантурада ҳам таҳсил олмоқда.
– Илмий ишимнинг аҳамияти шундаки, бугунги кунда полимерлар кириб келмаган соҳанинг ўзи йўқ, – дейди Г.Ҳайдарова. – Полимерлар саноат, қурилиш соҳаларида муҳим роль ўйнайди. Лекин уларнинг асосий камчилиги тез ёнувчанлигидир. Уларнинг ёнувчанлигини камайтириш учун антипринлар ишлаб чиқариш учун илмий изланишлар олиб бормоқдаман. Илмий изланишларим яхши баҳоланиб, “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танловининг “Энг яхши самарали инновацион лойиҳа” йўналишида ғолибликни қўлга киритдим. Бундан жуда хурсандман. Бугунги кунда илмли аёлларга, олима аёлларга жуда катта эътибор қаратилаяпти. Халқимизда “Аёлни ўқитсангиз, аёл илмли бўлса, бутун оила, миллат ўқимишли бўлади”, деган ибратли гап бор. Илмли аёл жамиятда ўз ўрнини топа олади. Ҳозир таянч докторантуранинг 3-босқичида таҳсил олмоқдаман. Мен олий таълим соҳасида фаолият юритаётганимдан фахрланаман.

Ҳозир университетда 11 та ихтисослик бўйича 58 нафар таянч докторант таҳсил олаяпти. Уларнинг 18 нафари хотин-қиз бўлиб, Навоий вилояти саноати ҳамда экология соҳаларининг долзарб муаммолари бўйича илмий изланишлар олиб боришмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qqD-uO_I6xU" title="Ayol – jamiyatning faol aʼzosi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири