Аёл қадри — жамият таянчи
Жамият тараққиёти, оила фаровонлиги ва келажак авлод тарбиясида аёлларнинг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бирига айланди.
Бугунги кунда “Аёллар дафтари” тизими минглаб хотин-қизларнинг ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар яратаётган, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган самарали ижтимоий механизм сифатида намоён бўлмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро вилоятининг Олот туманида “Аёл қадри — жамият таянчи” шиори остида кенг қамровли тадбир ташкил этилди. Унда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббуслар амалга оширилди.
Туман “Маънавият ва маърифат маркази”да ўтказилган мазкур тадбирда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичини ташкил этиш бўйича вилоят штаби раҳбари Шавкат Жавлонов, Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, даромад келтирувчи меҳнат қуроллари ва ускуналари кўргазмаси, тиббий кўриклар, психологик маслаҳатлар ва ҳуқуқий ёрдам хизматлари ташкил этилди.
Бу эса иштирокчи хотин-қизларга бир вақтнинг ўзида иш топиш, тадбиркорликни бошлаш, саломатлигини текшириш ва ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат олиш имконини яратди.
Тадбирнинг асосий эътибор марказида хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш масаласи бўлди.
Жумладан, ижтимоий аҳволига кўра “Аёллар дафтари”га киритилган 82 нафар хотин-қиз бўш иш ўринлари билан танишди ва ўзларига мос меҳнат фаолияти турларини танлаш имкониятига эга бўлишди.

Шунингдек, иштирокчиларга имтиёзли кредит маблағлари асосида ўзини ўзи банд қилиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Меҳнат қуроллари ва ишлаб чиқариш ускуналари кўргазмаси эса тадбиркорликни бошлаш ниятидаги хотин-қизларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар томонидан уларга бизнес режа тузиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва бозорга чиқиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир давомида хотин-қизлар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
82 нафар иштирокчи тиббий кўрикдан ўтказилди. Мутахассис шифокорлар томонидан соғлиқ ҳолати юзасидан тавсиялар берилди, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика чораларига оид тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 42 нафар хотин-қизга тиббий-психологик маслаҳатлар берилиб, уларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш, турмушда учраётган муаммоларни енгиб ўтиш ва ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳуқуқий ёрдам хизматлари бўлди.

55 нафар хотин-қизга меҳнат муносабатлари, тадбиркорлик фаолияти, кредит олиш тартиби, мулкий ҳуқуқлар ва ижтимоий кафолатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мутахассислар ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, муаммоларни ҳал этишнинг аниқ механизмларини тушунтиришди. Бу эса хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.
Тадбир давомида очиқ мулоқот ўтказилди.
Хотин-қизлар томонидан билдирилган мурожаатлар, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар диққат билан тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.
Бундай мулоқотлар аҳоли билан давлат идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, муаммоларни жойида ҳал қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири ўз меҳнати ва интилиши билан ҳаётини ўзгартирган аёлларни тақдирлаш маросими бўлди.
Авваллари “Аёллар дафтари” орқали моддий ёрдам олган, кейинчалик эса ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, оиласи учун барқарор даромад манбаи ярата олган ташаббускор хотин-қизларга туман ҳокимининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Бу эътироф нафақат уларнинг меҳнатига берилган юқори баҳо, балки бошқа аёллар учун ҳам кучли мотивация ва илҳом манбаи бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири