Аёл қадри улуғланган юрт
Жамият тараққиёти, оилалар фаровонлиги ва баркамол авлод тарбиясида хотин-қизларнинг ўрни беқиёс. Юртимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларни тарғиб этиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш мақсадида Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Аёл қадри улуғланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда институт вакиллари мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиши, касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, таълим муассасасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, талаба-қизларнинг билим олиши ва ўз истеъдод ҳамда қобилиятларини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр билдирилди.

Мулоқот давомида аёлнинг оиладаги ва жамиятдаги ўрни, унинг маънавий камолоти, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда ёш қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан фикр ва таклифларини билдириб, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири