Аёл – она, аёл – опа-сингил, аёл – суюкли ёр
Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган, ўз касбининг устаси бўлиб элда довруқ таратган, Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойилар қаторида наманганлик мунис аёллар кўпчиликни ташкил этади.
Тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, ҳуқуқ –тартибот каби кўплаб соҳаларда фидойилик билан ҳалол ишлаб, обрў топаётган, иш билан бирга оиласини гуллатиб, етук фарзандларни тарбиялаётган опа-сингилларимиз давлатимизнинг қудрати, жамиятимизнинг фахри ҳисобланади.

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида 8 март – халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган “Ўзингсан Ватаннинг жамоли, ўзбекнинг фаришта аёли” деб номланган байрам тадбирида ана шундай фидойи опа-сингилларимизга эҳтиром кўрсатилди, эришган ютуқлари эътироф этилиб, совғалар билан сийланди.

Вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирокидаги тантанали маросимда ўз касбини улуғлаб, катта ютуқларга эришган бир гуруҳ хотин-қизларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари тақдим қилинди. Шунингдек, 18 нафар хотин-қизга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди.


– Аёл – она, аёл – опа-сингил, аёл – суюкли ёр. Аёл бир қўли билан бешикни тебратса, бир қўли билан дунёни тебратади, деб бежизга айтишмаган, – дейди Чортоқ туманидаги фахрий журналист ва матбаачи, тумандаги “Бувижонлар мактаби” фаолларидан бири Дилбархон Ҳайдарова. – Жамиятнинг, оиланинг гултожи бўлган аёлларга ҳурмат кўрсатиш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан экани, давлатимиз раҳбарининг аёлларга, айниқса, оналарга эҳтироми юксак эканлиги бизда ҳаётимиздан розилик, миннатдорлик ҳиссини уйғотади. Бугунги тадбирда камтарона меҳнатимиз қадрланиб, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонига муносиб кўрилгани ёшлар таълим-тарбияси борасидаги амалий ишларимизни икки ҳисса оширишимизга қанот берди.


Тадбирда санъаткорларнинг дилтортар куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади. Бундай байрамона тадбирлар вилоятнинг барча туманларида кўтаринки руҳда давом этиб, уларда мунис онахонлар, дилбар аёллар, мафтункор қизларимиз шарафланмоқда, жамият ривожида тутган ўринлари муносиб баҳоланмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири