Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади...
Жамиятнинг асосий таянчи, бу — оила. «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» тадбирлари доирасида «Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади» мавзусида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди. Унда «Олимлар» маҳалласида истиқомат қиладиган хотин-қизлар ва уй бекалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар бевосита хотин-қизлар ўртасида ҳам кенг кўламда ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур тадбирда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор, шоир Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар мамлакатимиз тараққиётида аёлларнинг ўрни ҳақида алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова, таниқли ҳонанда Ойбек Жалилов, Дилором Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи, шоира Фароғат Худойқуловалар тадбир давомида шеърлар ўқиди, қўшиқлар куйлади. Ҳудудда истиқомат қилувчи аёлларнинг кўнгилларини шод этди.

Учрашувда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасида эканлиги, давлатимиз томонидан хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор алоҳида таъкидланди. «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аёлларимиз таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда эришилаётган натижалар хусусида ҳам сўз юритилди.
Гендер сиёсати масалаларига алоҳида тўхталиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар самарадорлиги қайд этилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «Олимлар» маҳалласининг фаол хотин-қизларига китоблар жамланмаси совға қилинди.
Д. Маматова, ЎзА