Аёлларнинг қандай ҳолатда зўравонликка учраш эҳтимоли катта?
“Кўпгина давлатларда хотин-қизлар анча паст иш ҳақи оладиган норасмий секторда меҳнат қилади. Бу оилада хотин-қизларнинг иқтисодий тобелигини чуқурлаштиради ва уларнинг зўравонликка учраш эҳтимолини янада оширади. Кейинги йилларда Марказий Осиёда миграция қурбонлари тушунчаси ҳам пайдо бўлмоқда. Бу каби ҳолатларда ижтимоий таъминотни йўқотган хотин-қизларни ҳимоя қилишимиз шарт. Аслида мақсадимиз ҳам шу.”
“Кўпгина давлатларда хотин-қизлар анча паст иш ҳақи оладиган норасмий секторда меҳнат қилади. Бу оилада хотин-қизларнинг иқтисодий тобелигини чуқурлаштиради ва уларнинг зўравонликка учраш эҳтимолини янада оширади. Кейинги йилларда Марказий Осиёда миграция қурбонлари тушунчаси ҳам пайдо бўлмоқда. Бу каби ҳолатларда ижтимоий таъминотни йўқотган хотин-қизларни ҳимоя қилишимиз шарт. Аслида мақсадимиз ҳам шу.”
Бу – АКТЕДнинг Ўрта Осиёда лойиҳаларни ривожлантириш бўйича вакили Йоханна Пухакканинг зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилиш борасида мулоҳазалари эди.
АКТЕД (Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги)нинг Ўзбекистондаги филиали Бухоро вилоятидаги “Ойдин нур” оилаларни ижтимоий ҳимоялаш маркази ва Самарқанд вилоятидаги “Раҳмдиллик” жамияти билан ҳамкорликда ўтказилган семинарда бу ҳақида сўз юритилди.
Айни вақтда АКТЕД – ушбу вилоятларда зўравонликни бошидан кечирган ва хатар гуруҳидаги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш учун синов дастурини амалга оширмоқда.
– Ҳар бир мамлакатни ўзига хос муаммоси бор, – дейди Йоханна Пухакка. – Шунинг учун биз бу ерда бундай, у жойда ундай эди деган фикрни илгари сўрмаймиз, балки муаммони қандай ечишга эътибор қаратамиз. Йўлларини қидирамиз. Бизга амалда татбиқ этилаётган лойиҳаларимиз доирасида ҳаёти оғир кечаётган хотин-қизларнинг бирор-бир ютуққа эришгани муҳим. Бу борада бизга Европа Иттифоқи молиявий кўмак беради.
Халқаро миқёсда оладиган бўлсак, Марказий Осиёда бундай муаммолар анча кўп. Жойларни ўрганганимизда зўравонликка учраган аёлларнинг шикоятлари деярли бир хил бўлади. Сизларда оддий ҳол деб ҳисобланадиган, мисол учун оилага қайнона аралашуви, эрнинг маст ҳолда калтаклаши, ҳақорат қилиши каби ҳолатлар Европада танқид қилинади. Сизларда бу эса “эр бўлгандан кейин уради-да, ўлмадим-ку” дея қабул қилинар экан.
Ўрганишларимга кўра бунинг сабаби аёллар эри билан яшаганда бошпанаси бўлади, болалари ёнида ва кунлик овқатни ташвишини қилмайди. Оиладан чиқиб кетган аёлни яқинлари қабул қилмайди, болалар билан ҳеч жойга сиғмайди, қўлида ҳунари йўқ. Эртанги кунидан қўрққани учун ҳам сабр қилиб яшайди.
Биз амалга ошираётган лойиҳада фақатгина зўравонликка учраганлар эмас, балки кам таъминланган, қийналган аёллар ҳам иштирок этмоқда. Баъзиларининг турмуш ўртоғи вафот этган бўлса, яна бировларини эри хорижга ишлагани кетган. Бироқ, йиллаб пул жўнатмайди, қайтиб ҳам келмайди. Уларни ҳам кўллаб-қувватлаш, ҳаётини изига тушиб кетишига кўмак бериш ниятимиз бор. Зеро, иқтисодий фаол аёллар ҳамиша ҳимояланган ва ҳуқуқларини тўлиқ англай олади.
Семинар сўнгида жорий йилда бошлаган дастур доирасида ўзининг бизнес-лойиҳалари асосида тегишли жиҳозлар ва чорва моллари билан таъминланган хотин-қизлар тайёрлаган маҳсулотлар кўргазма-савдоси ўтказилди.