Аёл алдов қурбонига айланмасин!
Андижонлик ҳали ўттиз ёшни қораламаган Гўзал исмли аёл алдов йўли билан Туркия давлатига кетиб, одам савдоси қурбонига айланди. Икки йил давомида хўрланиб яшади.
– Мунтазам азоб-уқубатлар, қийинчиликлардан яшашдан чарчадим, – дейди у. – Қанчалар оғир бўлмасин, ҳатто, икки фарзандимдан кечиб, ўз жонимга қасд қилдим. Насибам узилмаган экан, атрофимдаги инсонларнинг саъй-ҳаракати билан ҳаётим сақлаб қолинди. Элчихонамиз, ижтимоий реабилитация маркази кўмагида юртимга қайтдим. Менга зарур барча ёрдамлар кўрсатилди. Яшашга бўлган умидим яна уйғонди.
Андижонда “Меҳримиз Сизга” хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Зўрликдан жабрланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда азоб-уқубатлардан руҳий тушкунлик, депрессия ҳолатига тушиб қолган шахслар, хусусан, аёлларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, марказнинг туман, шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, вилоят прокуратураси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармалари вакиллари, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, вилоятда бу борада олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Тадбирда оғир вазиятга тушиб қолиб, турмушдаги зўравонликлардан азият чекиб, реабилитация маркази кўмагидан фойдаланган бир гуруҳ аёллар ҳам қатнашди.
– 2019 йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоятимиздаги минг нафардан зиёд оғир ҳаётий вазиятга, руҳий инқирозга тушиб колган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди, – дейди “Меҳримиз сизга” маркази раҳбари Ҳолида Мирзараҳимова. – Уларнинг кўпчилигига касб-ҳунар ўрганиши, кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши, бир сўз билан айтганда, нормал ҳаётга қайтиб, турмушларини изга тушириб олишига кўмаклашилди.
Таъкидлаш керакки, марказда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним ва конфеденциаллик тамойиллари асосида шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, маънавий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш хизматлари ташкил этилган. Айниқса, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва изчил профилактик тадбирлар олиб борилиши йўлга қўйилган.
Давра суҳбатида “Зўравонлик турлари, уларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг аҳамияти”, “Оилавий зўравонликнинг фарзандлар тарбиясига таъсири”, “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишда ички ишлар ходимларининг роли”, “Зўрликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш” сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Якунда оғир вазиятга тушиб қолган, турмушдаги зўравонликлардан азият чеккан ва марказ кўмагида ўз ҳаётини изга тушираётган бир гуруҳ аёлларга маиший техника жиҳозлари топширилди. Зўрликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.