Ахборот хизматлари масъуллари Самарқандда тажриба алмашмоқда
Самарқандда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги ахборот хизмати ходимлари иштирокида “Ахборот хизмати ходимларининг жамоатчилик билан самарали ишлашида Самарқанд тажрибаси” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбир иштирокчилари дастлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати медиа маркази очилиш маросимида қатнашди.
Тадбирда бугунги кунда турли соҳа ва тармоқлар фаолиятидан аҳолини хабардор этиш, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйишда ахборот хизматининг ўрни нечоғлик муҳим эканлиги таъкидланди. Аҳолининг ахборотга бўлган талабини қондириш, жамиятдаги ўзгаришларни холис етказиш борасида айни пайтдаги муҳим масалаларни ташкилотларнинг ахборот хизматлари самарали олиб бораётганлиги қайд этилди. Бошқармада ташкил этилган медиа марказ санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни, унинг самарадорлигини оширишда муносиб хизмат қилиши таъкидланди.
[gallery-17502]
Амалий семинарда қўмита ахборот сиёсати масъуллари, вилоятлар ахборот хизматлари ходимлари иштирок этиб, Самарқанд вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати фаолиятини атрофлича ўрганиб, тўпланган тажрибаларни оммалаштириш бўйича фикр алмашди.
– Самарқанд бугунги кунда ҳар бир соҳада илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этмоқда, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Мафтуна Саидова. – Айнан ахборот сиёсати масаласида олиб қарайдиган бўлсак, бевосита бизнинг соҳамизда ҳам ахборот хизматининг ташкил этилиши ва унга тегишли мутахассисларнинг жалб қилиниши кутилган самарани бера бошлади. Ва шунинг натижасида биз бугун республикага Самарқанд тажрибасини оммалаштиряпмиз.
Семинар давомида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар, адлия бошқармалари масъуллари, шунингдек, вилоятдаги нуфузли оммавий ахборот воситалари мутасаддилари иштирокида ахборот олиш, тарқатиш, танқидий чиқишларга муносабат билдириш, долзарб мавзулардаги баёнотларни бериш тартиблари юзасидан фикр-мулоҳаҳазалар билдирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари