Ахборот хизмати раҳбарлари малака оширди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги 5 йил ичида мамлакатимиз аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоиздан ошди. 2017-2023 йиллар мобайнида жами 5 870 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 31 837,5 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилди ва реконструкция қилинди. Ушбу ишлар натижасида 11,8 миллион аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 6,6 миллион аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди.
2023 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг 2,4 миллиард доллар маблағи ҳисобидан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари кўрсатиш соҳасида 25 та лойиҳани амалга ошириш ишлари олиб борилди.
Амалга оширилаётган лойиҳалар учун жалб этилган маблағларнинг 1,3 миллиард доллари ичимлик суви тизимини, қолган 1,1 миллион доллари оқова сув тизимини яхшилашга йўналтирилмоқда.
“Ўзсувтаъминот”АЖ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси жадал давом эттирилмоқда.
[gallery-15698]
Соҳа ходимлари зиммасидаги асосий вазифалардан яна бири аҳолини сифатли ва узлуксиз тарзда ичимлик суви билан таъминлаш билан бирга унинг ортиқча сарфини камайтириш, истеъмол маданиятини юксалтириш, тўлов интизомини яхшилаш, дебитор қарздорликни қисқартиришга ҳам эътибор қаратилган.
Бу борада аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкил этишда “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати ходимларининг тажрибаси муҳим ўрин эгаллайди.
Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизматининг ҳар бир ҳудуддаги сув таъминоти корхоналарида матбуот котиби фаолият юритади. Улар тизимдаги ўзгаришлар, янгиликлар, жорий этилган қарорларни ҳудуд миқёсида ёритиб боради.
“Ўзсувтаъминот”АЖ мазкур соҳадаги кадрлар малакасини ошириш мақсадида ахборот хизмати раҳбарлари ва ходимларининг малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинг ташкил этди.
Иштирокчилар мутасадди ташкилотлардан таклиф этилган вакилларнинг жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашда муомала маданиятини ўстириш, , ахборот сиёсатини юритишда расмий муносабат ва расмий баёнот бериш тартиби, ахборот хизматларига юклатиладиган қўшимча вазифалар, соҳада гендер тенглик ҳамда уни ёритиш масалалари, очиқлик сиёсатини юритиш қоидаларига доир мавзуларда маърузалар тинглади. Шунингдек, расмий сайтга очиқ маълумотларни жойлаш тартиби ва сайт билан ишлаш кўникмаларини бойитиш борасида ўқув- амалий машғулотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, “Ўзсувтаъминот”АЖ ахборот хизмати раҳбарлари ва ходимлари учун ўқув- семинар давомида медиа-тадбирлар ўтказиш, “Тошкент шаҳар сув таъминоти”АЖга қарашли Чилонзор сув тарқатиш иншооти билан танишиш, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига экскурсия ташкил этилди.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари