Ахборот технологиялари ва илғор инновациялар бўйича 400 ўринли техникум ташкил этилади
Олмазор туманида меҳнат бозори талаби билан кадрлар тайёрлаш тизими ўртасидаги боғлиқликни кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бугун тумандаги иш берувчиларда 4 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли ҳамда қарийб 1 минг нафар махсус маълумот талаб этилмайдиган йўналишларда ишчи кучига эҳтиёж мавжуд.
Шу боис, Олмазор касбий кўникмалар маркази негизида ахборот технологиялари ва илғор инновациялар бўйича 400 ўринли техникум, собиқ Тошкент архитектура-қурилиш коллежи биносида замонавий касб-ҳунар маркази ташкил этилади. Бошқа мавжуд бинолардан ҳам касбга ўқитиш мақсадида самарали фойдаланилади.
Хориж меҳнат бозорига мақсадли тайёргарликни кучайтириш учун Германиянинг хусусий ўқув марказлари билан 500 кишига мўлжалланган немис тили курсларини ташкил этиш, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Германия, Япония, Корея ва Буюк Британиядан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш, Франция компаниялари билан йилига 1,5 минг нафар фуқарони мавсумий ишларга жойлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Ёшлар шаҳарчасида 42 гектар майдонда IT-парк, юқори технологияли саноат ва таълим объектларини бирлаштирган инновацион кластерни ташкил этиш ишларини йил якунига қадар бошлаш вазифаси қўйилди.
ЎзА