Ахборот эркинлиги учун барча масъул
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида ўзбек миллий санъати ва маданиятини, шунингдек, муассаса фаолиятини кенг оммага тарғиб қилишда фаоллик кўрсатаётган журналист ва блогерлар билан учрашув бўлиб ўтди.
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Жамолиддин Узоқов мамлакатимизда ижтимоий соҳа, маънавият ва маърифат, миллий матбуот, санъат ривожига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табриги наинки журналистлар, балки турли вазирлик ва идоралар, муассаса ва ижодий тузилмаларнинг мутасаддилари, матбуот хизматлари зиммасига мавжуд воқеликни аҳолига холис ва ҳаққоний етказишда катта масъулият юклайди. Шу билан бирга, ташкилотларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўзаро ҳамкорлиги бугунги кунда янада муҳим аҳамият касб этаяпти.
Босма ва интернет нашрларининг бир гуруҳ журналистлари ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н Усмонова, ЎзА