Аввал гол ўтказиб юборишди, кейин эса...
Футболда шундай ўйинлар бўладики, унда ҳисобдан кўра жамоанинг характери, иродаси ва ғалабага чанқоқлиги яққолроқ намоён бўлади. Зоминда бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубогининг “C” гуруҳи 3-тур баҳси айнан шундай учрашувлардан бири бўлди.
“Марказий” стадионда кечган баҳсда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси “Олимпик-MobiUz” устидан 3:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Учрашув нафақат ҳисоб, балки ўйин драматургияси, сўнгги дақиқалардаги кескин босим ва жамоавий руҳ билан ҳам мухлислар ёдида қоладиган бўлди.

Баҳснинг илк қисмида ташаббус кўпроқ мезбонлар томонида бўлса-да, имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида муаммо кузатилди. Аксинча, меҳмонлар биринчи жиддий ҳужумни гол билан якунлади. 21-дақиқада Муҳаммадали Зоҳидов ҳисобни очиб, “Олимпик-MobiUz”ни олдинга олиб чиқди – 0:1.

Бироқ гол ўтказиб юбориш “Сўғдиёна”ни руҳан синдирмади. Аксинча, жамоа иккинчи таймда майдонда мутлақо бошқача қиёфада намоён бўлди. Ҳужумларнинг сони ошди, босим ортди, рақиб ҳимояси эса хатога йўл қўя бошлади.

60-дақиқада Сардор Ҳошимов пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Учрашувнинг ҳал қилувчи паллаларида эса жиззахликлар ҳақиқий характер намойиш этишди. 88-дақиқада Умид Султонов жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса (2:1), 90+4- дақиқада Иномжон Абдумажидов ғалабани янада мустаҳкамлади:3:1.

Қизиғи, айнан иккинчи голдан сўнг “Олимпик-MobiUz” мураббийи Андрей Микляевнинг қизил карточка олиши баҳсдаги таранглик қай даражада юқори бўлганини кўрсатди.
Учрашувдан кейин “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев ғалабанинг асосий омили сифатида жамоанинг босим остида ҳам ўзини йўқотмаганини таъкидлади.
— Бошида руҳий жиҳатдан ўйнаш осонроқ бўлди, чунки вазифани бажариб, кейинги босқичга чиқиб бўлган эдик. Шунинг учун кўплаб футболчиларга имконият бердик, уларнинг салоҳиятини синаб кўрдик. Биринчи таймда кўп вазиятлар яратдик, аммо гол ура олмадик. Иккинчи таймда эса охиригача босим қилиб, ғалабага эришдик, — деди Улуғбек Бақоев.
Мураббийнинг ушбу фикрлари ўйин манзарасини тўлиқ очиб беради. Чунки “Сўғдиёна” бу гал фақат ғалаба қозонмади — жамоа захира имкониятлари, ички рақобат ва босим остида ҳаракат қилиш қобилиятини ҳам намойиш этди.
Айниқса, кубок баҳсларида таркиб ротацияси катта аҳамият касб этади. Бақоев айнан шу жиҳатга урғу бериб, кейинги босқичлар олдидан жамоа салоҳиятини янада чуқурроқ ўрганишга интилаётганини яширмади.
— Йигитларга ғалаба учун раҳмат айтмоқчиман. Энди асосий эътиборни Ўзбекистон чемпионати иккинчи давра ўйинларига тайёргарликка қаратамиз, — деди мураббий.
Бу ғалаба “Сўғдиёна”нинг нафақат турнир жадвалидаги ўрни, балки руҳий тайёргарлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Зеро, кубок ўйинларида ирода, сабр ва охиригача курашиш қобилияти кўпинча тактикадан ҳам устун келади.
Зоминдаги баҳс эса бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: бугунги “Сўғдиёна” ўйин охиригача курашадиган жамоага айланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири