Наманганда картинг бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида ёшлар ўртасида картинг пойгаси бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан тасдиқланган 2026 йилги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календар режасига мувофиқ ташкил этилган мусобақа Учқўрғон тумани Ўқув спорт техника марказига қарашли картадромда ўтказилди.
Икки кун давом этган беллашувларда Тожикистон ва Қирғизистон республикалари, шунингдек Хоразм, Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё, Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган 9 та жамоа таркибида жами 85 нафар спортчи иштирок этди.
Мусобақа қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечди. Айниқса, иштирокчилар орасида қизлар ҳам борлиги тадбирнинг аҳамиятини янада оширди. Беллашувлар мусобақа низомига мувофиқ “Микро”, “Мини”, “Супер мини”, “ОК-жуниор”, “Патриот”, “КФ”, “КЗ” ва “Т-4” синфлари бўйича ташкил этилди.
[gallery-29525]
Якуний натижаларга кўра, ёшлар ўртасида жамоавий ҳисобда 1-ўринни Тошкент шаҳри жамоаси, 2-ўринни Наманган вилояти, 3-ўринни эса Тошкент вилояти жамоаси эгаллади.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Республика техник ва амалий спорт турлари маркази бош директори А. Қурбониёзов, Наманган вилояти кенгаши раиси А. Аълохўжаев, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА