Автотранспорт ўқув мажмуаси фаолият бошлади
Зарафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмаларида фаолият олиб бораётган кон-транспорт техника воситалари ҳайдовчилари, хизмат кўрсатувчи ходимлар, мутахассис ва муҳандисларнинг малакасини оширишга мўлжалланган замонавий Автотранспорт ўқув мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мазкур ўқув мажмуасининг очилишида “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов иштирок этиб, комбинатда транспорт соҳасини ривожлантириш, корхона бўлинмаларида фойдаланилаётган оғир юк ташувчи автоағдаргичлар ва кончилик техникалари таркибини мунтазам янгилаб бориш, ҳайдовчиларнинг замонавий автоағдаргичларни бошқариш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Ушбу ўқув мажмуани барпо этиш, зарур стенд ва симуляторлар билан жиҳозлаш ишлари комбинат томонидан “Сaterpillar”, “Zeppelin International AG”, “IKO Machinery”, “Rudmash Export Service”, “Haul Trucks” каби компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Мажмуадаги махсус стендлар, агрегат ва деталларнинг кўргазмали макетлари комбинат автотранспорт бўлинмалари мутахассислари томонидан тайёрланди.

– Зарафшон шаҳридаги илгари тикув цехи жойлашган бино ўтган икки йил давомида капитал таъмирланиб, кон-транспорт техника воситалари ҳайдовчилари, хизмат кўрсатувчи ходимлар, мутахассис ва муҳандисларнинг малакасини оширишга мўлжалланган замонавий Автотранспорт ўқув мажмуасига айлантирилди, – дейди “НКМК” АЖ Транспорт бўйича директори Рустам Эргашев. – Мажмуа “Сaterpillar”, “Komatsu” каби карьер автоағдаргичлари, “Сaterpillar” русумли занжирли бульдозерлари ва фронтал юклагичларини бошқаришни ўргатувчи замонавий симуляторлар билан жиҳозланган. Бу ердаги мавжуд VR (виртуал реаллик) тренажёрлари гидравлик насослар ҳамда трансмиссия агрегатларини таъмирлаш бўйича ходимларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади. Машғулотларни кончилик техникаси ишлаб чиқарувчиларининг махсус ўқув курсларида тайёргарликдан ўтган тажрибали муҳандислар ва комбинат автотранспорт бўлинмаларининг юқори малакали мутахассислари олиб боради.

Симуляторлар ёрдамида кон техникасини бошқариш, ички ёнув двигателлари, электр тизими жиҳозлари, трансмиссия ва гидравлик тизим ускуналари йўналишларида амалий машғулотлар ўтказилади. Мажмуада назарий таълим ва амалий машғулотлар олиб бориш учун махсус синф хоналари, имтиҳон зали, шинам ётоқхона, ошхона ва хўжалик хоналари мавжуд.




Фойдаланишга топширилган мазкур Автотранспорт ўқув мажмуасининг синф хоналари интерактив доскалар, ноутбуклар, проекторлар, сув совутгичлари, кондиционерлар ва замонавий мебеллар, имтиҳон хонаси эса тест синовлари учун махсус компьютерлар билан тўлиқ жиҳозланган. Ушбу мажмуада комбинатнинг барча бўлинмалари ходимлари учун тизимли равишда ўқув курслари ташкил этилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири