Нефть-газ соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
Нефть-газ саноатида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий геологик тадқиқот усулларидан фойдаланиш конларни самарали бошқариш, қидирув ишларини такомиллаштириш ва ишлаб чиқариш унумдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ва АҚШнинг “Schlumberger” компанияси Осиё бўйича вице-президенти Ли Дан хоним бошчилигидаги делегация ўртасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Мулоқотда икки компания ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янги йўналишлар орқали ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда, хусусан, конларни самарали бошқариш, геофизик тадқиқотларни такомиллаштириш, геологик маълумотларни рақамли моделлаштириш ва уларни бошқариш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳалар бўйича мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан кейинги қадамларни мувофиқлаштиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА