Автомобилни бошқариш катта масъулиятни талаб қилади
Қоида — йўлдаги тартибнинг асоси. Уни бир марта бузиш ҳам хавфли, 211 марта такрорлаш эса нафақат қонун талабларига беписандлик, балки жамият хавфсизлигига жиддий муносабат зарурлигини кўрсатади.
Бухоро вилояти Ромитан туманида аниқланган биргина “Tracker 2” автомашинаси билан боғлиқ ҳолат бу борада жиддий хулоса чиқаришга ундайди. Мазкур машина ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини 211 марта бузганлиги учун вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди. Энг ҳайратланарлиси, мазкур қоидабузарликлар натижасида автомобиль эгасига жами 137 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Бу оддий рақам эмас. Унинг ортида юзлаб марта эътиборсизлик, қоидага беписандлик ва йўл ҳаракати хавфсизлигига нисбатан масъулиятсиз муносабат мужассамдир.
Автомобиль бошқариш — фақат рулда ўтириш эмас. Бу аввало ўз ҳаёти, йўловчилар, пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлиги учун масъулиятни зиммасига олишдир. Шу боис йўл ҳаракати қоидалари ҳар бир ҳайдовчи учун мажбурий талаб ҳисобланади. Қоидабузарлик такрорланган сари унинг оқибатлари ҳам оғирлашиб бориши мумкин. Айниқса, бир автомашина эгасининг 211 марта қоидабузарлик содир этгани йўл ҳаракати маданиятини янада юксалтириш, қонун талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини кўрсатади.
Мажбурий ижро бюроси томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган рейдлар давомида ҳам ижро ҳужжатларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2,6 миллиард сўмлик 114 та ижро ҳужжати бўйича қарздорларга тегишли 98 та автотранспорт воситаси жарима майдончасига қўйилган.
Рейдлар натижасида эса 741 миллион сўмлик 70 та ижро ҳужжати бўйича қарздорликни ундириш таъминланган. Бу рақамлар ижро интизоми таъминланиши, қонун талабларига амал қилиниши ва қарздорликларни бартараф этиш борасида амалий назорат кучайиб бораётганини кўрсатади.
Давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва инсон ҳаётини асрашга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг муҳим таркибий қисмидир.
Мажбурий ижро бюроси томонидан қидирувдаги автотранспорт воситаларини аниқлаш, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликларни ундириш ва белгиланган талабларнинг ижросини таъминлашга қаратилган рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири