Автоматлаштириш: қўл меҳнати енгиллашяпти
“Навоийуран” ДКда йилдан-йилга уран оксиди-чала оксиди концентратини ишлаб чиқариш босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Корхона томонидан ушбу жараёнда имкон қадар оғир қўл меҳнатини бартараф этиш, ишчи-ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, автоматлаштирилган тизимга ўтиш орқали инсон омилини камайтириб бориш бўйича аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
“Навоийуран” давлат корхонасининг Марказий моддий-техника базаси корхонанинг ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш ва белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида бажарилиши учун зарур бўладиган ёқилғи-энергетика ресурслари, кимёвий реактивлар, ускуналар, транспорт воситалари, механизмлар ва бошқа товар моддий бойликлари билан таъминлаш ишларини ташкил этувчи муҳим бўлинмаси ҳисобланади.

Бугун корхонада “инсон қадри учун” тамойилига асосланган ҳолда босқичма-босқич замонавий технологиялар амалиётга жорий этиб борилмоқда. Хусусан, таъминот базасида ҳам. Табиийки, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши хом ашё, материаллар ва кимёвий реагентларга бўлган эҳтиёжнинг ҳам ортишига олиб келади. Мисол учун, аммиакли селитрани олиб қарайлик. Ушбу элемент кўплаб саноат тармоқлари учун стратегик муҳим кимёвий реагент ҳисобланиб, табиий уран ишлаб чиқаришда ҳам кенг қўлланилади.
Корхонага аммиакли селитра “Навоийазот” акциядорлик жамиятидан 50 килограммлик полиэтилен қопларда темир йўл вагонлари орқали Марказий моддий-техника базаси участкасига келтирилади. Бу ердан вагонлардан сақлаш омборига ва омборхонадан эса автотранспорт воситаларига юкланиб, геотехнологик конларга етказиб берилади.

– Эътиборлиси, авваллари ҳар ҳафтада 135 тонна, яъни 2700 та 50 кг ҳажмдаги қопларни ортиш ва тушириш жараёнлари ишчиларнинг қўл меҳнати билан амалга оширилган, – дейди базанинг катта устаси Илҳом Яхшиев. – Бу эса кўп ишчи кучи ва ортиқча вақт талаб қиларди. Корхона раҳбарияти томонидан ушбу масаланинг оптимал ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, ишчи-ходимларнинг оғир ва машаққатли қўл меҳнатини енгиллаштиришга қаратилган лойиҳага қўл урилди. Ҳозирги пайтда хом ашёлар юк кўтариш кранлари ёрдамида туширилиб, юкланяпти. Бу эса иш суратининг ошишига жуда катта ижобий таъсир қилмоқда. Айниқса, геотехнологик конларда жуда яхши самара беряпти. Ҳозир 3 киши билан қисқа вақт давомида 1 вагон селитра туширилиб, жойланяпти.
“Зафаробод” кон бошқармасининг таъмирлаш-механика цехи мутахассисларининг техник ечимлари натижасида база ҳудудида аммиакли селитрани 1 тонналик “Биг-баг” қопларда қабул қилувчи агрегат қурилди. Яъни, аммиакли селитрани юк кўтариш қурилмаси ёрдамида автоматик тушириш ва юклаш ускунаси ишга туширилди.

– Мазкур қурилманинг ишга туширилиши билан биринчидан, омборхонада аммиакли селитрани юклаш-тушириш, шунингдек, ушбу реагент истеъмолчилари бўлган геотехнологик конларга уни тушириб олиш жараёнларида қўлланиладиган қўл меҳнатини тугатиш, меҳнатни самарали ташкил этиш имконини берди, – дейди 20 йилдан буён ушбу базада меҳнат қилиб келаётган ишчи Норпўлат Ортиқов. – Олдинлари селитра 50 кг қопларда келтирилиб, 10-15 нафар ходим шу иш билан банд бўлиб, асосий ишидан узилиб қоларди. Ҳозир корхона раҳбарияти ташаббуси билан жуда осон ва қулай тизим йўлга қўйилди. Асосийси, қолган ишчилар ўз иши билан банд бўлмоқда. Мен бугун юртимизда инсон қадри қанчалик улуғланаётганини ўз ҳаётимда корхонамиз мисолида кўряпман.
Аҳамиятлиси, автоцистерна орқали конга келтирилган аммиакли селитра 3 нафар ишчи томонидан қабул қилиниб, тушириб олинмоқда. Бу шубҳасиз, оғир ортиқча ишларни истисно қилиш билан боғлиқ бўлган техник ечимдир. Шу билан биргаликда, меҳнат унумдорлигини оширишга ва турли касбий касалликлар сонини камайтиришга олиб келади.
Абдували Бўриев, ЎзА